Спорт | 15:40 / 06.11.2018
13544
2 дақиқада ўқилади

«Устидан кулишларига парво қилмай, машқ қилишда давом этарди». Флетчер Роналдунинг «МЮ»даги илк йиллари ҳақида гапирди

Фото: Getty Images

«Сток Сити» яримҳимоячиси Даррен Флетчер Sky Sports лойиҳасидаги суҳбат давомида «МЮ»даги фаолиятини, хусусан, ҳозирда «Ювентус» шарафини ҳимоя қилаётган Криштиану Роналдунинг ёшлик даврларини ёдга олди.

«У клубга келган кунидан бошлаб жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш хаёли билан яшарди. У машғулотларга зўр берди. Дастлаб, жамоадошлар ундаги бу кучли хоҳишни кўриб мамнун бўлишди, аммо кейин «жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси бўлиш айтишга осон», дея бошлашди.

Шундай бўлса-да, йигитлар унинг бу уринишларига ҳурмат билан қарашиб, энг яхши бўлиш истагида ҳаракат қилаётганига ижобий қарашди. Шундай пайтлар ҳам бўлардики, у оёқнинг пастки қисми учун мўлжалланган махсус боғични тақиб, тезкорликни ошириш машқи (Fast Feet)ни бажарар, атрофдагилар унинг устидан кулишар, аммо у бунга парво қилмай шуғулланишда давом этаверар эди. Охир-оқибат ҳамма уни ҳурмат қила бошлади.

Жамоадагилар ундаги бу ғайратни ҳазилга йўйишар, аммо жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш учун ўзини бу қадар машаққатга уриш, шижоат кўрсатиш ва ўзини тўлалигича шу мақсадга бахшида этишни кўриб, ич-ичларидан қойил қолишарди», - дея ҳикоя қилади Флетчер.

Маълумот учун, Роналду ва Флетчер 6 йил давомида «МЮ»да бирга тўп суришган.

Мавзуга оид