Соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тузилмоқда
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.
Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
А) Қуйидаги миқдорларда ажратиладиган ажратмалар:
- давлат тиббиёт муассасалари томонидан пуллик асосда кўрсатилган тиббий хизматлар, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари хизматлари учун тушумлар миқдорининг 2 фоизи;
- олий тиббиёт таълим муассасалари ҳисоб варақларида жамланадиган пуллик ўқиш контрактлари бўйича тушумлар миқдорининг 5 фоизи;
- олий тиббиёт таълим муассасалари ҳисоб варақларида жамланадиган ўқиш контрактларининг оширилган ставкаси бўйича тушумлар миқдорининг 10 фоизи;
- фармацевтика ва тиббиёт фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан, дори-дармонлар ва тиббиёт буюмларини чакана реализация қилиш ҳуқуқига лицензиялар олиш учун талабгорлар томонидан тўланадиган давлат божлари тизимидаги тушумлар миқдорининг 20 фоизи;
Б) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
В) Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
Г) Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Жамғарма маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:
- соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини мукофотлар, моддий ёрдам, қўшимча ҳақлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловларнинг бошқа турлари кўринишида моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш, шунингдек, уларга санатория-курорт ва тиббий хизмат кўрсатилишига ҳақ тўлаш;
- уй-жой билан таъминлашни яхшилашга сарфланадиган харажатларни, шу жумладан, соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг тиббиёт ходимлари учун уй-жойлар қуришни ташкил этиш орқали молиялаштириш;
- соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва амалиёт ўтказишини, шу жумладан, уларнинг хорижий мамлакатларга ташрифлари, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиши, хизмат сафарига юборилишини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
- соғлиқни сақлашни бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, дастурий маҳсулотлар харид қилиш ва ахборот-коммуникация тармоқларини таъминлаб туриш;
- хорижий экспертлар ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш;
- олий тиббиёт таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларига махсус стипендиялар тўлашга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш;
- соғлиқни сақлашни бошқариш органларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга доир тадбирлар.
Жамғарманинг даромадлари, шу жумладан, вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларига жойлаштиришдан фоизлар тарзида олинган даромадлар солиқларнинг барча турларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига бошқа мажбурий тўловлардан 2021 йил 1 ноябргача озод қилинади.
Мавзуга оид
08:40 / 18.09.2024
Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вазифалари аниқлаштирилди
07:53 / 06.08.2024
Аденауэр жамғармаси Россияда «номақбул» деб тан олинди
09:52 / 19.07.2024
Россияда Карнеги жамғармаси «номақбул ташкилот» деб тан олинди
08:42 / 20.06.2024