Жаҳон | 07:44 / 09.11.2018
7905
1 дақиқада ўқилади

Венесуэлани 3 йил ичида 3 млн киши тарк этди

Фото: Martin Mejia / AP Photo

Венесуэладаги иқтисодий ва сиёсий инқироз сабабли мамлакатни тарк этаётган венесуэлаликлар сони 2015 йилдан бери 3 млн нафарга етди.

БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси вакили Уильям Спиндлернинг маълум қилишича, зўравонлик, гиперинфляция ҳамда озиқ-овқат ва дори-дармон етишмаслигидан қочаётган венесуэлаликлар эмиграцияси охирги 6 ой ичида кескин ошди.

Спиндлернинг таъкидлашича, 2,6 млн венесуэлалик қўшни давлатларга қочган. Бу давлатлар ҳукуматлари Жанубий Америка тарихидаги энг катта кўламли миграция жараёнини уддалашга уринишмоқда. 

“Венесуэлаликларнинг асосий оқимини Колумбия ва Перу қабул қилмоқда”, деб маълум қилди Спиндлер. Унинг айтишича, Колумбия 1 млн венесуэлаликни қабул қилган ва бу давлатга ҳар кун яна 3 мингга яқин венесуэлалик келишда давом этмоқда.
 
Ўз навбатида Колумбия ҳукумати 2021 йилгача венесуэлалик қочқинлар сони 4 млнгача етиши, бу эса мамлакат ғазнасига 9 млрд долларга айланиши мумкинлигини таъкидламоқда. 

Мавзуга оид