Жаҳон | 09:09 / 12.11.2018
7800
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири Ғазо секторидаги кескинлашув сабабли Париждан барвақт қайтишга қарор қилди

Фото: Philippe Wojazer / Reuters

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Биринчи жаҳон уруши якунланганининг 100 йиллиги муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтаётган Париждан Ғазо секторида юз берган воқеалар сабабли барвақт қайтишга қарор қилди. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри маълум қилди. Таъкидланишича, Нетаньяху 12 ноябрда Франция президенти ва яҳудий жамоа етакчилари билан учрашуви белгиланганига қарамай, шу куни эрталаб Исроилга қайтади.

Бош вазирнинг ортга қайтишига Ғазо секторидаги воқеалар сабаб бўлди. Бу ерда 12 ноябрга ўтар кечаси Исроил армияси махсус кучлари Хан-Юнис шаҳрида операция ўтказиши вақтида ХАМАСнинг ҳарбий бўлинмаларидан бирининг қўмондони ўринбосари Нур Барак ва 5 фаластинлик ўлдирилган. 

Исроил армияси ХАМАС қўмондонини йўқ қилиш бўйича махсус операция ўтказмагани, у секторда хавфсизликни таъминлаш вақтида келиб чиққан тўқнашув вақтида ўлдирилганини маълум қилган. Кейинроқ Исроил армияси отишма вақтида бир зобити ҳалок бўлгани, яна бири яраланганини маълум қилган.

ХАМАС вакили Фавзи Баҳром “Исроилнинг разилона тажовузини” қоралаган ва Фаластин кучлари душманга жавоб беришга тайёрлигини айтган. 

Операция ўтказилиши вақтида Исроил ҳарбий авиацияси Ғазо сектори ҳудудига бир нечта зарба берган. Бунга жавобан Ғазо секторидан Исроил томон камида 10 та ракета отилган. Улардан иккитаси уриб туширилган, чегарадаги бир нечта шаҳарларда ҳаво тревогаси янграган.

Мавзуга оид