28 июл куни Исроил ҳукумати “Усмонийлар даврида арманлар геноцид қилинган” деган қарорга келди. Ҳужжатни Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар тақдим қилган, унинг ташаббусини кабинетдаги барча вазирлар бир овоздан қўллаган. Қарор Кнессет томонидан маъқулланса, Исроилнинг тўлиқ давлат позициясига айланади. Кнессет бу қарорни қўллаши эҳтимоли юқори.

Исроил давлати ташкил топганига 78 йил бўлаётган экан, Исроил бу қарорни биринчи марта қабул қилмоқда. Ўтмишда парламентда мана шундай ташаббуслар кўтарилганда ҳам, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқарув кабинети бу ташаббусларни блоклаган, “Туркия билан алоқаларимизга путур етади” деб тушунтирган. Хўш, ҳозир нима ўзгарди, минтақа давлатларининг бу воқеага муносабати қандай бўлмоқда?

Биринчидан, Арманистоннинг муносабати. Арманистон бош вазири Пашинян: “Бу зиддиятларга тортилиш ҳозирги вақтда Арманистоннинг манфаатларига тўғри келмайди” дея, оҳиста шаклда Исроил ташаббусини қўлламаган. “Геноцид” давосини инкор ҳам қилмаган, лекин Исроилга раҳмат ҳам айтмаган. Бунинг сабаблари бор. Кейинги 5-6 йилда Арманистоннинг асосий геосиёсий вазифаси – минтақа давлатлари билан муносабатларни нормаллаштириш, шу орқали олдинги ярим изоляция ҳолатидан чиқиш, Россияга қарамликдан қутулиш ва ҳоказолардан иборат. Бунинг учун Арманистон Озарбойжон билан тинчлик битими имзолаш ниятида, Туркия билан муносабатларни нормаллаштиришга интилмоқда. Яъни Кавказдаги геосиёсий вазият мутлақ бошқача.

Қолаверса, Арманистон Исроилга ишонмайди, ўзининг асосий рақиби Озарбойжоннинг иттифоқчиси деб билади. Арманистон жамияти ҳам “биз арманларнинг ўтмишдаги фожиамизни қурол, инструмент сифатида ишлатишлари – ачинарли, аслида Исроилнинг арманларга ҳеч қандай қизиқиш жойи йўқ” деган оҳанг анча кучли. Арманистон жамоатчилигида “бу масала – Арманистон ва Туркия ўртасида келишиб олинадиган, икки тарафлама масаладир” деган қараш ҳам кенг тарқалган.

Иккинчидан, Озарбойжон. Кейинги йиллардаги Туркия ва Исроил ўртасидаги душманона оҳангнинг ошиб бориши, расмий Боку геосиёсатида кучли зиддият шакллантирди. Озарбойжон учун биринчи рақамли стратегик иттифоқчи Туркия бўлса, Исроил ҳам жуда яқин иттифоқчилардан ҳисобланади. Энди, кейинги йиллардаги Туркия ва Исроил душманчилиги оҳанглари фонида, Боку бир томонни танлаши керак эди. Ва танлади ҳам. Бу албатта Туркия бўлди. Озарбойжон аллақачон “Бир халқ – икки давлат” тамойили асосида Туркия билан стратегик бирлашувни амалга оширмоқда, икки давлар ҳарбий тузилмалари ўртасидаги интеграция кучаймоқда.

Исроилнинг “арманлар геноцид қилинган” деган даъволари фонида, Озарбойжон Исроилга мурожаат қилиб: “Эҳтиросга бериляпсиз, тарихий ва илмий фактларни инкор қиляпсиз, бу иш ўзингизга зарар келтириши мумкин, фикрингиздан қайтинг” деган маънода расмий баёнотлар берди, ва Туркиянинг ёнини олди.