Жамият | 21:32 / 12.11.2018
14640
4 дақиқада ўқилади

«Бизнинг ваколатга кирмайди». Ногиронлар жамияти биноси хароба ҳолатида қолаверадими?

KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатни ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри, Сергели туманида жойлашган «Меҳрибонлик» ногиронлар жамияти бўлинмаси томон йўл олдик.

Мурожаат мазмуни бўйича ушбу ҳудудда жойлашган ногиронлар жамиятининг биноси хароб ҳолатда, таъмирлаш учун маблағ мавжуд эмас. Ногиронлар жамиятдаги меҳрга ташна қатлам экани боис, ишни ўрганишга бел боғладик.

Жамият раҳбари Гюлтакин Мамедова билан суҳбатда вазиятни янада ойдинлашди.

«Бошида бинони олган вақтимизда аянчли ҳолатда эди. Жорий йилнинг август ойида қурилишни бошладик. Бошида ўзимизнинг қурбимиз билан қила олсак керак, ўз ҳисоб-рақамимиз бор, эплаб кетармиз, деб ўйлагандик. Лекин бу ишларга яхшигина маблағ кетар экан. Шундан сўнг жиддийроқ ташкилотлардан ёрдам сўрадик. “Ўзбекэнерго” АЖ раҳмат деймиз, биномизни электр таъминоти масаласи, девор, хона шифтларини таъмирлаш ишларига кўмак беришди. Аммо ҳали олдинда қилинадиган ишлар жуда кўп. Ҳокимиятга мурожаат қилдик. Имконимиз йўқ, дейишди. Нима ҳам қилардик», — дейди жамият раҳбари.

Гюлтакин Мамедова

Маълум бўлишича, 2015 йил жамиятнинг аввалги жойи дастур асосида бузилишга тушган. Шундан сўнг, кемтик қалблар дийдорлашиш учун қадрли масканидан айрилади. 2017 йил 13 ноябрь кунги ҳоким қарори асосида жамиятга ер ажратилади.

«Бинода катта (тадбирлар учун) ва кичик зал, битта кабинет ташкил этмоқчи эдик. Бу ерда имконияти чекланган жамият аъзолари тўпланамиз, суҳбатлашамиз, курслар ташкил этамиз. Мисол тариқасида, компьютер курслари, тўқиш курслари бўлиши мумкин. Лекин ҳозирча ҳолатимиз унчалик эмас. Баъзида ҳомийлар совға-саломлар билан келишади. Аъзолар билан кўриштириб, ўтириб бирга суҳбат қуришга ҳам шароит яратиб беролмаймиз. Совғаларни топширишади-ю кетишади.

— Тўрт девор ичида яшаш азоб. Бир-биримиз билан кўришиб, кўнглимизни кўтарардик. Бу руҳимизга қувват бўларди, — дейди 1-гуруҳ ногирони бўлган жамоат фаоли.

Туманларнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатидан «ҳудуд эгалари» бўлган ҳокимликлар томон йўл олдик. Сергели туман ҳокимиятида бизни туман ҳокимининг ёрдамчиси Абдурашид Ғаффоров кутиб олди. Ҳоким ёрдамчиси бу масалада жавоб бера оладиган ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Мирзоҳид Хидиров билан юзлаштирди.

«Жамият бизга мурожаат қилган. Ҳомийларни жалб қилиб беринг, деган маънода. Нодавлат ташкилот бўлгани сабабли таъмирлаш ишлари ҳокимият йўналишида эмас. Тадбиркорларимизни ҳомийлик қиласан деб мажбурлай олмаймиз. Лекин ана шундай ташаббуслар кўрсатадиган тадбиркорлар чиқса, биринчи навбатда, шу жамиятга йўналтирамиз», — деб айтиб ўтди ҳоким ўринбосари.

Мирзоҳид Хидиров

Қиш мавсуми яқинлиги ва 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан жамият аъзолари бус-бутун иморат ичида йиғилиш орзусини сўндиришмаган. Сиз билан биз каби ҳаётдан завқ олишга ҳақли бу инсонлар асосий вақтини шу жойда ўтказишган. Ўзаро суҳбатлар, тадбирлар, психологик тренинглар дунё кўзига қоронғи кўринувчи бу қаҳрамонларимиз ҳаётида умид учқунларини уйғотган эди. Бўлиб ўтган ишлардан сўнг, тумандаги ногиронлар учун энг минимал шароитларга эга бўлса ҳам жой йўқ.

Баҳодир Аҳмедов тайёрлади

Мавзуга оид