Килограмм эталонидан воз кечилиши мумкин
Олимлар Париждаги Халқаро ўлчовлар ва оғирликлар бюросида 100 йилдан кўпроқ вақтдан бери сақлаб келинаётган килограмм эталонидан воз кечишни режалаштиришмоқда. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.
16 ноябрда Версалда Ўлчовлар ва оғирликлар бўйича 26-бош анжуман бўлиб ўтади ва унда оғирликни ўлчашнинг янги усулини белгилаб олиш масаласи овоз беришга қўйилади.
Ҳозирда килограммни белгилаш учун қўлланувчи платина-иридий цилиндри 1889 йилда Ўлчовлар ва оғирликлар бўйича бош анжуман томонидан чиқарилган. У билан бирга унинг 40 та нусхаси ясалиб, турли давлатларнинг ўлчовлар ва оғирликлар миллий бюроларига тарқатилган. Бу нусхалар вақти-вақти билан асл эталон билан текшириб турилади.
Эталон 3 та герметик ойнаванд қалпоқ остида сақланишига қарамай, у барибир чангланади ва ифлосланади. Баъзида у тозалаб турилади, бироқ бу жараённинг ўзи унинг оғирлиги ўзгаришига олиб келиши мумкин.
1989 йилда ўтказилган текширув натижаларига кўра, Парижда сақланувчи эталон ва унинг нусхалари ўртасидаги максимал фарқ 50 микрограммни ташкил қилган. Бу эса замонавий фан ва тиббиётдаги ўта юқори ўлчашлар талабларига жавоб бермайди.
Олимлар ушбу эталон ўрнига “Киббл баланси” деб аталувчи қурилмани қўллашни таклиф қилишмоқда. Бу қурилма “электрон” килограммни ҳосил қилишга имкон беради. Бунда килограммнинг оғирлиги ток ва кучланиш кўпайтмасига тўғри пропорционал бўлади.
Бугунги кунда килограмм СИ тизимидаги жисмоний эталонга, яъни одам томонидан яратилган буюм билан ўлчанувчи ягона ўлчов бирлиги бўлиб қолмоқда. 1960-йилларда олимлар метрнинг жисмоний эталонидан воз кечишганди. Ҳозирда метр Планк доимийси билан аниқланади. Унга кўра, метр ёруғлик нури вакуумда 1/299 792 458 сонияда ўтувчи масофага тенгдир.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, килограмм эталонининг “электрони”га ўзгартирилиши кундалик турмушга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Мавзуга оид
09:30 / 25.10.2024
Ливанга ёрдам бериш учун Парижда тахминан 1 млрд евро йиғилди
22:36 / 24.10.2024
Париждаги Нотр-Дам соборига кириш пулли бўлади
09:30 / 09.09.2024
Парижда Паралимпия ўйинлари якунланди. Хитой биринчи, Ўзбекистон — 13-ўринда
08:40 / 29.08.2024