Жаҳон | 16:01 / 13.11.2018
6460
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Афғонистон президенти толиблар билан тинчлик сулҳи имзоланиши мумкин деб ҳисобламоқда 

Фото: Jonathan Ernst - Pool/Getty Images

Афғонистон президенти Ашраф Ғани “Толибон” ҳаракати билан тинчлик келишуви имзоланиши мумкинлигини билдирди. У бу ҳақда Вашингтондаги Жонс Хопкинс университети талабалари билан видеомулоқот вақтида айтди, деб хабар берди Anadolu агентлиги.

"Гап толиблар билан сулҳ тузилиши ҳақида эмас. Гап бу сулҳнинг қачон тузилишида. XXI асрда урушни ҳарбий йўл билан якунлаш қийин. Афғонистон ва “Толибон” ўртасидаги зиддият сиёсий йўл билан ҳал қилинади", - деди у.
Афғонистон президенти Покистонга тинчлик муносабатларини ўрнатиш чақириғи билан чиқди.

"Биз мазкур эълон қилинмаган душманликка чек қўйиш учун Покистонга тинчлик таклиф этамиз. Агар бундай бўлмаса, халқларимиз ўртасида ўзаро ишончсизлик, ижтимоий ва маданий душманлик бошланади", - деди у.

9 ноябрь куни Москвада Афғонистон бўйича иккинчи йиғилиш бўлиб ўтди. Унда  Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, АҚШдан ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари, махсус вакиллар ва кузатувчилар иштирок этди. Йиғилишда илк бор “Толибон” ҳаракати сиёсий офисининг делегацияси ҳам қатнашди.

Россия ТИВ Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабуловнинг хабар қилишича, толиблар Афғонистондан хорижий қўшинларни олиб чиқиб кетиш жадвали АҚШ  билан келишилганидан кейингина Афғонистон ҳукумати билан музокаралар ўтказишга тайёр бўлишларини маълум қилган.

Мавзуга оид