Ўзбекистон | 09:38 / 13.11.2018
4171
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилади

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтади. Форумда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлар раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда.

Форум давомида сессияларга бўлинган иштирокчилар тегишли мавзулар бўйича мулоқот олиб борадилар. Уларда декларацияда кўзда тутилган нормалар, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ҳуқуқларининг универсаллиги, уларнинг ўзаро алоқаси, эришилган ютуқлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларни бажаришдаги муаммолар кўриб чиқилади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва ижро этувчи, вакиллик ҳамда қонунчилик ҳокимияти ўрни, инсон ҳуқуқларини таъминлашда рағбатлантириш, Барқарор ривожланиш мақсадлари муҳокама қилинади.

Осиё форуми якунлари бўйича инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларациясини қабул қилиш режалаштирилмоқда. Унда давлат томонидан халқаро ҳужжатларга мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига риоя этиш ҳамда ҳимоя қилиш учун самарали тизим яратилиши назарда тутилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид