Трамп Калифорнияни табиий офат ҳудуди деб эълон қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Калифорния штатини ўрмон ёнғинлари туфайли табиий офат ҳудуди деб эълон қилди. Бу ҳақда у твиттерда хабар берган.
«Мен даҳшатли азоб-уқубатларни енгиллаштириш учун тезда жавоб беришни хоҳладим», - дея ёзган Трамп.
Шунингдек, унинг таъкидлашича, Калифорния учун табиий офат режимини жорий этиш борасидаги сўровни маъқуллаган.
Калифорния жанубида иккита ёнғин авж олган. Woolsey ёнғини 33 минг гектар ерни қамраб олди ҳамда 10%га бартараф қилинди. Яна бир ёнғин, Hill 1,8 минг гектар жойга тарқалди ва ҳозирда 75%га бартараф этилган. Штат жанубидаги ёнғинлар оқибатида жами 179та бино вайронага айланди, олов камида 57 мингта бино-иншоотларга таҳдид солмоқда.
Калифорнияда ўрмон ёнғинлари туфайли 300 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.