Замир Кабулов: Афғон жамиятидаги парокандалик ИШИДга илдиз отишга имкон берди
Москвада Афғонистон бўйича ўтган анжуманнинг асосий вазифаси минтақадаги давлатларнинг Афғонистонда ички музокараларни йўлга қўйиш учун қулай шароитларни яратишга жамоавий уринишидан иборат. Буни Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов айтиб ўтди.
Кабуловнинг таъкидлашича, ушбу анжуманнинг асосий жиҳати унинг очиқлиги бўлди ва Москвада бундай кенг халқаро форматда “Толибон” ҳаракатининг делегацияси илк бор расман иштирок этди.
“Толиблар Москвада ўз хатти-ҳаракатлари режасини батафсил баён қилишди. Улар Афғонистондан барча хорижий қўшинлар олиб чиқилиши жадвали бўйича келишувга эришилгандан кейингина Кобул билан гаплашишга тайёрликларини айтишган. Толиблар бунга ишонч ҳосил қилиш чораси сифатида барча сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини ва 1997 йилда киритилган ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгашининг кейинги резолюцияларида тикланган барча санкцияларнинг бекор қилиниши талаб қилишмоқда”, деб маълум қилган Кабулов.
Унинг таъкидлашича, Москвадаги музокараларнинг барча иштирокчилари ИШИД террорчиларига қатъий қарши эканликларини билдиришган. “Афғонистонда тинчликка эришиш вазифасидан ташқари, яна бир муаммо – ягона душман мавжуд. Афғон жамиятидаги парокандалик ИШИДга илдиз отишга, ўз бўлимлари тармоғини ташкил этишга имкон берди”, деб таъкидлаб ўтган Кабулов.
Россия президенти вакилининг айтишича, Ғарб Афғонистондаги урушда мағлуб бўлди. “Келишиб олиш зарур. Куч ишлатиш сценарийси бўйича давом этиш мумкин, бироқ бу ушбу йўлни танлаганлар яна 10 минглаб ҳалок бўлган афғонлар ва давлатнинг янада барбод бўлишига тупурганини англатади”, деб айтган Кабулов.
Россия вакили 2001 йилда толиблар Афғонистонда минимал даражада бўлгани, ҳозирда мамлакат ҳудудининг 60 фоизини назорат қилаётганига эътибор қаратган. Бу ҳолатга АҚШ ва НАТО Афғонистонда 17 йилдан бери қолаётган бир вақтда йўл қўйилган.
Кабуловнинг айтишича, агар Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, кейинги қадам террорчилик ва наркотаҳдидга қарши кураш бўлади.
“Афғонистонда ҳаддан кўп қон тўкилган ва тинчлик сулҳи яқин орада тузилишини кутиш нореалдир. Буни яхши англаймиз. Бу ҳар доим кўп вақт олади ва бир неча учрашувларни талаб қилади. Бироқ муҳими, биринчи қадам қўйилди”, деб ўз сўзларини ниҳоялаган Кабулов.
Мавзуга оид
11:47
Москвада чақирилувчиларга Россиядан чиқиб кетиш тақиқлангани ҳақида хабар берилди
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024