Жаҳон | 20:16 / 15.11.2018
6525
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати муҳожирларга уйларига қайтишлари учун молиявий ёрдам таклиф қилди

Иллюстратив фото

Германия ҳукумати 31 декабргача ўз хоҳиши билан ватанларига қайтиш истагини билдирган муҳожирларга ватанларидаги янги турар жойнинг бир йиллик ижарасини тўлаб беришни таклиф қилди.

Германия ички ишлар вазирлиги Берлин метросида улкан билбордлар жойлаштириб, уларда йўловчиларга немис, инглиз, араб ва рус тилларида янги йил олди таклифи билан мурожаат қилган. Бу таклифга кўра, ватанларига қайтишга рози бўладиган муҳожирларга янги жойнинг 12 ойлик ижараси учун қўшимча нафақа тўланиши айтилган. Германия молиявий рағбатлар билан муҳожирларни Германиядан кўнгилли тарзда кетишга кўндирмоқчи.  

Мамлакатни кўнгилли тарзда тарк этишга рози бўладиганлар авиачипта харид қилиш ва ватанларида жойлашиб олиш учун молиявий ёрдам оладилар. Германия ҳукуматига бу жамоат фикри нуқтаи назаридан ҳам (мажбурий депортация ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотлари томонидан танқидга сабаб бўлмоқда), молиявий томондан ҳам нафлидир. 

2018 йилнинг 1-ярмида Германияни 10699 киши ўз хоҳиши билан тарк этган. Мажбуран эса 12261 киши депортация қилинган. Муҳожирларнинг кўнгилли тарзда кетиши уларни мажбурий депортация қилишдан кўра инсонпарварроқдир – ҳеч қандай полиция эскорти, самолётга мажбурий равишда ўтказишлар бўлмайди.

Германия ҳукуматининг баҳолашича, бир муҳожирнинг мажбурий депортация қилиниши ўртача 1500 еврога айланади. Агар муҳожирлар ўзлари кетадиган бўлсалар, бу қиймат ярмига – 700 долларгача камаяди. 

Мавзуга оид