Жаҳон | 08:52
910
3 дақиқада ўқилади

Германияда Tomahawk ишлаб чиқарилиши мумкин

Германия АҚШнинг Tomahawk қанотли ракеталари ҳамда Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун мўлжалланган ракеталарни ўз ҳудудида ишлаб чиқариш имкониятини қўлга киритиш мақсадида Вашингтон билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Financial Times газетаси манбаларига таяниб хабар берди.

Фото: minval.az

Нашр маълумотига кўра, Берлин Европа мудофаа салоҳиятидаги бўшлиқларни қисқартириш ҳамда АҚШ президенти Доналд Трампнинг қитъа хавфсизлигини таъминлашга бўлган қизиқишини сақлаб қолишни кўзламоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, Германия НАТОнинг келаси ҳафта Анқарада бўлиб ўтадиган саммитига қадар АҚШ билан қўшма ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришишни истамоқда.

Financial Times суҳбатлашган манбалардан бирига кўра, Германия ва АҚШ саноат вакиллари иштирокида қўшма ишлаб чиқариш концепциялари муҳокама қилинмоқда. Бошқа манбанинг айтишича, музокаралар икки мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган деярли барча йўналишларни қамраб олган.

Хусусан, Германия ҳудудида узоқ масофага учувчи Tomahawk қанотли ракеталари ҳамда Patriot зенит-ракета мажмуалари учун мўлжалланган энг сўнгги PAC-3 ракеталарини биргаликда ишлаб чиқариш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Нашрнинг яна бир суҳбатдоши АҚШ маъмурияти ҳамда Америка мудофаа саноати вакиллари ушбу таклифларга кутилганидан кўра ижобий муносабат билдирганини қайд этган.

Шу билан бирга, Германия канцлери Фридрих Мерц ва мамлакат мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ билан мудофаа соҳасида музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади. Бироқ улар муҳокамалар мазмуни юзасидан қўшимча маълумот бермади.

Борис Писториуснинг айтишича, Германия АҚШ мудофаа саноати билан яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятида. У мамлакат яқин беш-ўн йил ичида жуда зарур бўладиган айрим замонавий мудофаа тизимларига ҳали эга эмаслигини тан олди.

Унинг таъкидлашича, Германия айрим қурол тизимлари ёки уларнинг таркибий қисмларини мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришдан манфаатдор. Бу орқали Берлин Америка билан стратегик ҳамкорликни сақлаган ҳолда, ўзининг мудофаа мустақиллигини кучайтиришни мақсад қилган.

Канцлер Фридрих Мерц ҳам Берлиндаги матбуот анжуманида АҚШ билан мудофаа технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик жадал суръатларда давом этаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳамкорлик ҳар икки давлат манфаатларига жавоб беради.

Аввалроқ бир қатор оммавий ахборот воситалари Германиянинг Tomahawk ракеталарини харид қилишга уринаётгани ва Вашингтонда бу масала юзасидан муайян хавотирлар мавжудлиги ҳақида хабар берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид