Ўзбекистон | 21:42 / 15.11.2018
3001
2 дақиқада ўқилади

Хавфсизлик масалаларини ўрганувчи Европа маркази ходими Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясида дарс бермоқда

Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази ходими профессор Грегори Глисон Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясининг профессор ўқитувчилари ва илмий ходимлари билан янги «Халқаро хавфсизлик» номли курс устида ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ушбу курс жорий йилнинг декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Грегори Глисон қўшма назарий машғулотлар доирасида Қуролли Кучлар академияси қўмондонлик-штаб факультети тингловчилари ва профессор-ўқитувчилари учун минтақа ва халқаро хавфсизликка оид долзарб масалалар бўйича машғулотлар ўтказмоқда.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Глисон хавфсизлик масалалари тадқиқоти маркази профессори ҳисобланади, у Калифорния университетида политология бўйича докторлик даражасини олган. Илмий-педагогик фаолиятини Нью-Йорк, Маями ва Нью-Мексика университетларида «Политология», «Давлат бошқаруви ва иқтисод» ҳамда «Халқаро муносабатлар» йўналишида олиб борган. Халқаро муносабатлар ва сиёсий ривожланиш бўйича кўплаб илмий мақолалар муаллифи.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси АҚШ қуруқликдаги қўшинлар Қўмондонлик-штаб коллежи ҳамда Жорж Маршалл номидаги хавфсизлик масалаларини ўрганиш бўйича Европа маркази билан сўнгги йилда «Ҳарбий таълимни такомиллаштириш» ва «АҚШ Мудофаа вазирлиги маслаҳатчиси» каби дастурларини ишга туширди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид