Иш берувчи солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани талаб қилса, 1008 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг!
Айрим давлат идоралари иш берувчилари томонидан ходимлардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилаётган ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Маълумотнома, асосан, ходимга иш ҳақи ҳисоблаш пайтида талаб этилмоқда. Иш берувчининг мазкур талаби қонунда назарда тутилмаган, дея маълум қилади Адлия вазирлиги.
Шу сабабли, адлия органлари жойларда бу каби маълумотномалар талаб этилиши ҳолатлари юзасидан сўровнома асосида мониторинг тадбирини ўтказди.
Жисмоний шахслардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотномалар талаб қилиниши мумкин. Бу қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган. Масалан:
– фуқаролар турар жойларни алмаштириш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза берганда ёки мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз 15 йил давомида ер участкасига эгалик қилган шахс мурожаат этганда;
– мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик амалга оширилганда;
– кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш битимлари нотариал тасдиқланганда ва бошқа шу кабиларда.
2018 йилнинг июнь ойидан бошлаб давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний шахсларга солиқ қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотномалар бериш хизмати жорий этилди. Сўнгги 5 ой давомида марказлар томонидан 81 мингдан ортиқ маълумотнома берилган.
Мониторинг натижалари, асосан, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари иш берувчилари томонидан шу каби маълумотномалар талаб этилаётганлигини кўрсатди.
Хусусан, Ўзбекистон туманида (Фарғона) 75 та ва Жондор туманида (Бухоро) 65 та ҳолатда тиббиёт муассасалари ходимларидан иш берувчилари маълумотнома талаб қилганига доир далиллар аниқланди.
Бу каби маълумотномалар талаб этилишининг сабабларидан бири сифатида, айрим ҳолатларда солиқ органларининг ер ва мулк солиқларини ўз вақтида ундиришда амалий ёрдам бериш ҳақидаги хатлари асос бўлиб, бунда ходимлар давлат хизматлари марказига мурожаат этишга мажбур бўлишган.
Бундан ташқари, фуқаролардан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш пайтида ер тузиш ва кадастр органлари томонидан бундай маълумотномаларни талаб этилгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учради.
Шундай қилиб, ходимлардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилишига доир ҳолат нафақат уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказмоқда, балки давлат хизматлари марказларида сунъий навбатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Аҳоли учун эса ноқулайликлар туғдириб, бюрократик сансалорликни бартараф этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Қайд этиш лозимки, манфаатдор идора ва ташкилотлар, зарур ҳолатларда, солиқ органларидан бу каби маълумотларни сўровнома юборган ҳолда мустақил олишлари мумкин. Бунда, ходимда солиқ қарздорлиги аниқланса, иш берувчи қарздорликни ундириш ҳақидаги суд ёки давлат ижрочисининг ҳужжати асосида унинг ойлик маошидан ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.
Ҳозирда Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш берувчилар ўз ходимларидан ҳар хил маълумотномаларни ноқонуний талаб этиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, агар иш берувчи Сиздан қонунда белгиланмаган маълумотномалар ёки ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилса ёхуд бунга мажбурласа, Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамли ишонч телефонига ёки info@minjust.gov.uz электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлар (Фейсбукдаги “Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией” гуруҳи, Одноклассники ва бошқалар) орқали мурожаат этишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:41 / 24.11.2023
Жисмоний ва юридик шахсларга маълумотномалар бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилади
10:52 / 04.10.2022
Руҳий касаллик бўйича диспансер ҳисоби тўғрисидаги маълумотномани олиш тартиби тушунтирилди
09:53 / 23.09.2022
Доимий яшаш жойи бўйича маълумотномани олиш тартиби айтилди
09:52 / 03.09.2022