Жаҳон | 09:44 / 15.11.2018
12429
2 дақиқада ўқилади

Марказий америкалик муҳожирлар АҚШ ва Мексика чегарасидаги тўсиқ устига чиқиб олишди

Фото: Jorge Duenes / Reuters

Марказий Америка давлатларидан АҚШ томон ҳаракатланаётган муҳожирлар карвонидан АҚШ ва Мексика чегарасигача етиб келган ўнлаб муҳожирлар 14 ноябрда Тихуанадаги чегара тўсиғи устига чиқиб олишди. Бу ҳақда Azteca Noticias канали маълум қилди. 

Мексика телевидениеси маълумотларига кўра, улар тўсиқ устида бир муддат ўтиришган. Муҳожирлардан бири ҳаттоки АҚШ томонга сакраб тушган, бироқ кўп ўтмай орқасига қайтган. Муҳожирларнинг бу хатти-ҳаракатлари ортидан АҚШ чегара хизмати зобитлари кузатиб туришган.

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатга ноқонуний муҳожирлар киришига йўл қўймаслик учун Мексика билан чегарада 15 минггача ҳарбий жойлаштирилишини маълум қилганди. 

Ҳозирда Мексика ҳудуди бўйлаб бир нечта муҳожирлар карвони АҚШ томон йўналмоқда. Уларнинг мақсади АҚШ чегарасигача келиб, унинг ҳудудига киришдан иборат. 

Муҳожирлар карвонидан 350 одамдан иборат илк гуруҳ чегарадаги Тихуана шаҳрига 13 ноябрда етиб келганди. Улар шаҳарга Мексика полицияси патрул машиналари ҳамроҳлигида 9 та автобусда келишган. Тихуанада уларни миграция миллий институти ходимлари кутиб олишган. Улар муҳожирларга шаҳардаги приютлардан бирида жойлашишга кўмак беришган. Шаҳар мэрининг айтишича, муҳожирларнинг бир қисми ёрдам олишдан бош тортиб, чегара томон пиёда йўл олган.

Шаҳар раҳбарияти қочқинлар Тихуанадаги усиз ҳам мураккаб криминоген вазиятни янада мураккаблаштиришини айтган. Амалдорлар муҳожирлардан кўпчилиги маҳаллий жиноий тўдаларга қўшилиши ёки улар билан низога боришидан хавотирланмоқдалар. 

Мавзуга оид