Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Уй-жой қурилиш объектлари энергия тежамкор ускуналар билан мажбурий жиҳозланади
Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.
Адлия вазирлиги телеграм-каналининг ёзишича, фармон билан 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:
• барча қурилиш объектлари лойиҳаларининг смета қисми мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилади (инвестициялар ҳисобига амалга ошириладиган қурилишлар бундан мустасно);
• қурилиши тугаган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи вакиллари иштирокида амалга оширилади;
• шунингдек, “fast-track” усули (бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қуриш) билан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилади.
2019 йил 1 январдан бошлаб:
• лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятини амалга ошириш учун Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатлар томонидан берилган сертификатлар ва бошқа ҳужжатлар тан олинади; Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти – 1961 йилда иқтисодий тараққиёт ва жаҳон савдосини ривожлантириш учун ташкил этилган ҳукуматлараро иқтисодий ташкилотдир. Ташкилотга бугунги кунда 36 та давлат аъзо.
• қурилиш учун ер участкаларини вақтида ажратмаслик ёки нотўғри ажратиш натижасида юзага келган харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағи ҳисобидан қопланади;
• миллий қурилиш нормалари ва қоидалари хорижий норматив-техник ҳужжатларга танлов асосида мослаштирилади.
2019 йил 1 мартдан бошлаб:
• малакага эга бўлиши мажбурий бўлган мутахассисларни сертификатлаш Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси томонидан амалга оширилади;
• лойиҳалашни амалга оширишга штатида сертификатга эга ва доимий ишлайдиган камида иккита муҳандис мавжуд бўлган ёки Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси аъзоси бўлган юридик шахсларга рухсат этилади.
2020 йил 1 январдан уй-жой қурилиш объектлари энергия-самарадор ва энергия-тежамкор ускуналар билан мажбурий жиҳозланиши лозим, BREEAM (бинолар самарадорлигини экологик баҳолаш усули) ва LEED (энергия-самарадор ва экологик лойиҳалаштириш бўйича қўлланма) стандартлари бўйича сертификатларга эга объектлар бундан мустасно.
Бундан ташқари, қурилиш соҳасини техник тартибга солишнинг норматив базаси қуйидаги босқичларда ислоҳ қилинади:
• тайёргарлик даври (2019-2021 йиллар) – геологик, табиий-иқлим, сейсмологик хусусиятларни инобатга олган ҳолда миллий қурилиш нормалари қайта кўриб чиқилади ва хорижий норматив-техник ҳужжатларга мослаштирилади;
• ўтиш даври (2022-2026 йиллар) – мослаштирилган норма ва қоидалар амалиётда қўлланилади, қурилиш соҳасига инновациялар жорий этилади;
• якуний давр (2027-2028 йиллар) – қурилиш соҳасининг ягона норматив базаси яратилади.
2019 йил 1 мартга қадар қуйидагилар бўйича таклиф киритилади:
• хорижий компанияларни жалб этган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва мамлакат ҳудудига илк бор олиб кириладиган қурилиш асбоб-ускуналари, техникаси, материаллари ва буюмларини сертификатлайдиган синов лабораторияларини ташкил этиш.
• давлат органларида идоравий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи функцияларини бажарувчи таркибий бўлинмалар ташкил этиш;
• ҳисобланган қиймати тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига нисбатан ошиб кетган қурилиш объектларини молиялаштириш тартибини аниқлаш;
• мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида йирик ихтисослаштирилган қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини ташкил этиш.
Бундан ташқари, қурилиш нормалари ва қоидалари Адлия вазирлигидан мажбурий тартибда рўйхатдан ўтиши лозимлиги фармон билан белгиланди. Қурилиш вазирлигига 2019 йил 1 майга қадар Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шаҳарсозлик нормалари қайта кўриб чиқилиши хабар қилинганди.
Мавзуга оид
23:16 / 03.03.2026
Умрбод қамоқ жазоси педофилия жиноятига такроран қўл урган шахсларга тааллуқли бўлади
08:38 / 25.12.2025
Ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар белгиланган таълим муассасасига имтиҳонсиз қабул қилинади
08:53 / 24.12.2025
Паспорт назоратида божхонага хабардор қилиш тартиби жорий этилади
08:48 / 24.12.2025