Жаҳон | 14:41 / 16.11.2018
3958
2 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШда демократлар Facebook устидан назорат ҳақида ўйлашлари керак

Фото: REUTERS

АҚШ вакиллар палатаси демократлар назорати остида конгрессда Facebook компанияси иштирокидаги эшитувларни бошлаши керак, сабаби бу ижтимоий тармоқ 2016 йилда АҚШ президентлиги сайловларига «Россия аралашуви» бўйича қандай маълумотга эгалигини билиб олишнинг ягона йўли, деб ёзмоқда The New York Times.

Нашрнинг аниқлик киритишича, ижро ҳокимияти томонидан технологиялар соҳаси устидан назорат ўрнатилмаган ва бунда Facebook мисол сифатида келтирилган. Таъкидланишича, деярли барча Америка сайловларига аралашув ҳақида савол билан чиққан 2016 йилги инқироздан сўнг, компания «корпоратив масъулият ва фуқаролик бурчи йўқлигини» кўрсатди. Келгуси йилдан демократик кўпчилик назорати остида янги таркибда ишлашни бошлайдиган вакиллар палатаси, яқин икки йил давомида бундай назоратни биринчи ўринга қўйиши керак, деб ҳисоблайди NYT. Айнан шунинг учун демократлар конгрессда эшитувлар ўтказиши ва Facebook сайловларга таъсир кўрсатиш борасида қандай маълумотга эга экани ҳақидаги саволни ўртага ташлашлари лозим.

2016 йил бошида Facebook’да «шубҳали рус фаоллиги» белгилари пайқалган, бу маълумот ФҚБга берилган, деб эслатади нашр. Газетанинг ёзишича, АҚШда Россиянинг эҳтимолий аралашуви бўйича суриштирув бошланганидан икки йил ўтиб ҳам, Facebook қандай маълумотга эга бўлгани борасида ҳеч қандай ахборот йўқ. Бироқ, 2016 йилги президентлик сайловларидан сўнг Facebook раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқдаги ёлғон маълумот тарқатиш кампанияси овоз бериш натижаларига қандайдир тарзда таъсир қилиши мумкинлигини расман рад этди.

NYT’нинг таъкидлашича, Цукерберг фуқаролик бурчини бажариш ўрнига ижтимоий тармоқ учун салбий оқибатларни камайтириш мақсадида инқирозга қарши кампания билан шуғуллана бошлади.

Россия 2016 йилги президентлик сайловларига аралашганини ҳамон рад этиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Цукерберг Apple раҳбари билан уришиб қолгани, Facebook ходимларига айфонлардан фойдаланиш тақиқлангани хабар берилганди.

Мавзуга оид