Жаҳон | 21:13 / 16.11.2018
40035
4 дақиқада ўқилади

Жээнбеков оиласида нимани муҳокама қилиш тақиқланганини айтди

Фото: Султана Досалиева

Бугун, 16 ноябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ўзининг 60 ёшлик юбилейини нишонлади. У 24.kg ахборот агентлигига  эксклюзив интервью берди. Қуйида Қирғизистон етакчисининг интервью давомидаги айрим жавоблари билан танишишингиз мумкин.

Жээнбековнинг айтишича, унга ижтимоий тармоқларнинг кунлик ва ҳафталик шарҳини тақдим этишади, ижтимоий тармоқлардаги асосий трендлардан ўз вақтида хабардор бўлиб туради.

“Камдан-кам ҳолатларда, бўш вақтим бўлиб қолганида Facebook’даги саҳифамга кириб тураман. Эрталабки иш вақтим етакчи ахборот сайтларини ўқишдан бошланади, радио тинглайман. Оқшом пайти уйда интернетни кўриб чиқаман, ёрдам бериш, жавоб қайтариш лозим бўлган мурожаатларнинг ҳаволаларини юбораман. Фуқароларимизнинг фаоллигидан, мен билан учрашувларда, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатларида барча муаммолар тўғрисида очиқ айтишларидан хурсандман. Ҳақиқий ҳаётдан узоқлашиб кетмаслигим учун бу президентга бўлган катта ёрдамдир”, деди у. 

Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, улар оилада ўн бир фарзанд бўлишган, саккиз нафар – тўрт ўғил, тўрт қиз қолишган. Улар президентнинг фаолиятига умуман аралашишмайди.

“Илгари ҳам қандай лавозимда бўлмай, ишимни оилам билан ҳам, қариндошларим билан ҳам муҳокама қилмаганман. Бизнинг оилада бу тақиқланган. Агар улардан бирортаси билан давлат ишларини бир марта муҳокама қиладиган бўлсам, кейинчалик шундай давом этиши мумкинлигини биламан. Шунинг учун қариндош-уруғларим менинг олдимда кадрлар масаласи ёки бошқа масалаларни кўтаришмайди.  

Президентлик оилавий эмас, балки жуда масъулиятли олий давлат иши. Бу ҳаётимдаги энг масъулиятли давр. Ватандошларим менга мамлакат, халқ тақдирини ишониб топширган. Худонинг хоҳиши билан Қирғизистон президенти этиб сайландим. Қирғизистонликларнинг ишончини оқлаш учун бор куч, билим ва тажрибамни сарфлайман.

Агарда кимдир мендан хафа бўлса ва зиммамдаги масъулиятни тушунмаса, демак, у менга қариндош ҳам, дўст ҳам эмас. У билан хайрлашишимга тўғри келади. Мен учун давлат манфаати ҳамма нарсадан устун. Қариндошларим билан мулоқот қиламан, ришталарни узмайман, аммо президентлик лавозимида мен етимман, ёлғизман. Қарорни шахсан ўзим қабул қилганим боис масъулият ҳам шахсан менинг зиммамда. Мен учун ҳеч ким жавоб бермайди”, деди Жээнбеков.

Мухбирнинг президентни машҳур мультфильмлардан бирининг қаҳрамонига ўхшатишлари, у ҳақида кўплаб мемлар чиқарилганига қандай муносабат билдириши тўғрисидаги саволига Қирғизистон раҳбари “Мени кимга ўхшатишларини, нима учун танқид қилишлари ва нима учун мақташларини биламан. Бунга эътибор бермайман. Халқимиз ижодкор, ўз ижодини ижтимоий тармоқларда жойлаштиради. Мем муаллифининг бош прокуратурага чақиртирилгани ҳақида кеча интернетда ўқидим ва ушбу органнинг бу ишидан норози бўлдим”, деб жавоб қайтарди.

Сооронбай Жээнбековнинг фикрича, унинг учун идеал давлат: 

Биринчидан, ўз мажбуриятларини виждонан бажарадиган ҳамда мамлакат ва халқини юқорига олиб чиқадиган адолатли, ҳалол раҳбар. Ыймандуу бийлик – иймонли ҳукумат.

Ёш-қари ёки ногирон бўладими, қаровсиз, қашшоқ одамлари бўлмайди, қонун ва инсон ҳуқуқлари барча нарсадан устун. 

Иқтисодиётда ҳам, сиёсатда ҳам яхши маънода кучлилар ва энг яхшилар ғалаба қозониши учун соғлом рақобат мавжуд.  

Эркин оммавий ахборот воситаларига эга бўлган иқтисодий ривожланган парламент республикаси бўлади. 

“Муаммони ҳал қилиш қўлида бўлса ҳам сансалорлик қилиб уни ҳал этмайдиган лоқайд раҳбарлар, ёлғончилар, адолатсиз инсонлар, сўзи бошқа иши бошқа одамлар, ўз манфаати йўлида давлатга билиб туриб зарар етказадиганларга тоқат қилолмайман”, деди Қирғизистон президенти.

Мавзуга оид