Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
APEC саммити илк марта якуний декларация қабул қилмади, саммитнинг кейингиси Чилида бўлиб ўтади
Осиё ва Тинч океан минтақаси давлатларининг 1993 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган ва навбатдагиси Папуа — Янги Гвинеяда якунланган APEC (Asia-Pacific Economic Cooperation — Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммити якунларига кўра илк марта декларация қабул қилинмади, деб ёзади The Straits Times.

Нашрга кўра, Хитой ва Америка Қўшма Штатларининг жаҳон савдоси принциплари устида баҳслашиб қолгани бунга сабаб бўлган.
Якуний матбуот анжуманида журналистлар якуний резолюция қабул қилинмагани сабабини билиш учун Папуа — Янги Гвинея бош вазири Питер О’Нилга мурожаат қилишган. У тўғридан-тўғри жавобдан қочган, бироқ «Мана шу залдаги иккита гигантни ҳаммаларинг яхши биласизлар-ку?» — деган.
«APEC етакчилари турли таҳдидлар мавжудлигини тан олишди. Улар товарлар ҳамда хизматлар савдоси масаласига доир зиддиятлар борлигини ҳам эътироф этишди… Бироқ APEC етакчилари нотенгликни пасайтириш, иқтисодий диверсификацияни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга диққат қаратишмоқда. Шунингдек, савдо ҳажми ошиши учун унинг йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учун ҳамкорлик қилишмоқда», — деган Питер О’Нил.
«APEC мамлакатлари Богор мақсадларига етишиш йўлидан оғишмай ҳаракат қилишмоқда», дея қўшимча қилган Папуа — Янги Гвинея бош вазири.
Богор мақсадлари — APEC давлатлари етакчилари томонидан 1994 йилда Индонезиянинг Богор шаҳрида қабул қилинган дастурий ҳужжатдир. Унга кўра, 2020 йилга келиб минтақада «эркин ва очиқ савдо-инвестицион фаолият»ни йўлга қўйиш мақсади кўзда тутилган.
РИА Новостининг хабар беришича, «Баҳсталаб пунктлари — Богор мақсадлари, ЖСТ ва савдо амалиётларига оид қисмлар тушириб қолдирилиб, декларациянинг қисқартирилган варианти барибир қабул қилинган».
Айни пайтда APEC’га 21та давлат аъзо. Уларнинг аксарияти Тинч океани соҳилига эга давлатлардир. Тайван (Хитой Тайпейи) Хитойнинг тўлиқ маъқулловидан сўнг қўшилган камдан-кам халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Бунинг натижасида APEC’да аъзо-давлатлар эмас, аъзо-иқтисодиётлар термини қўлланилади.
Папуа — Янги Гвинеяда ўтган APEC’нинг мазкур Саммити ҳисоб бўйича йигирма олтинчисидир. Навбатдаги саммит 2019 йилда Чилида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
08:45 / 25.06.2026
ЕКПА Гуржистон ҳукуматини мухолифатга босимни тўхтатишга чақирди
09:53 / 16.04.2026
АҚШ Сенати Эрон билан урушни тўхтатиш ҳақидаги резолюцияни рад этди
21:18 / 30.04.2025
БМТ Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилди
20:33 / 28.04.2025