Жаҳон | 08:45
401
2 дақиқада ўқилади

ЕКПА Гуржистон ҳукуматини мухолифатга босимни тўхтатишга чақирди

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) Гуржистонда демократия стандартларидан чекиниш кузатилаётгани ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда Тбилиси ҳукумати мухолифат таъқибини тўхтатиш, бир қатор «репрессив» қонунларни бекор қилиш ҳамда эркин ва адолатли сайловлар учун шарт-шароит яратишга чақирилган.

Фото: Dominique Boutin/Sputnik/picture alliance

24 июн куни бўлиб ўтган овоз бериш якунларига кўра, резолюцияни ЕКПАнинг 83 нафар аъзоси қўллаб-қувватлади. Беш нафар депутат қарши овоз берган бўлса, яна тўрт киши бетараф қолди.

Қабул қилинган ҳужжатда ЕКПА Гуржистонда фуқаролик жамияти, сиёсий мухолифат ва бошқача фикр билдирувчиларга босим кучайиб бораётганидан жиддий хавотирда экани қайд этилган.

Ассамблея Гуржистон ҳукуматини мухолифат етакчиларига нисбатан таъқибларни тўхтатишга, демократияга салбий таъсир кўрсатаётган деб баҳоланаётган қонунларни бекор қилишга ҳамда мамлакатда эркин, очиқ ва демократик сайловлар ўтказиш учун зарур шароитларни таъминлашга чақирди.

Резолюцияда Европа кенгашига аъзо давлатлар демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига оид мажбуриятларни бажариши шарт экани таъкидланган. Шунингдек, таълим соҳасида академик эркинликка таъсир кўрсатувчи ислоҳотлар ҳамда журналистларга нисбатан трансмиллий таъқиблар ҳам танқид қилинган.

ЕКПА Гуржистонда намойишлар вақтида полиция томонидан қўлланган эҳтимолий зўравонлик ҳолатларини холисона тергов қилишга чақирди. Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорлари ва ЕХҲТ тавсияларига амал қилиши лозимлиги таъкидланди.

Ассамблея баёнотида Гуржистонда демократик тамойилларни тиклашга қаратилган мулоқотни давом эттиришга тайёр экани ҳам билдирилди.

Резолюция қабул қилинганидан сўнг Гуржистон парламенти раиси Шалва Папуашвили уни кескин танқид қилди. У ЕКПА ва Европа парламентини «антигуржи ташкилотлар» деб атаб, улар мамлакат суверенитетини ҳурмат қилмаётганини иддао қилди.

Папуашвилининг таъкидлашича, ЕКПА 2024 йилги парламент сайловлари натижаларини тан олмаган ва янги сайловлар ўтказишни талаб қилган. Шу сабабли Гуржистон делегацияси бир ярим йил аввал ЕКПАдаги иштирокини вақтинча тўхтатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид