Қонунлар жамиятдаги муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб бериш учун қабул қилинади. Қарангки, таълим жараёнига алоқадор қонунларда синф хонасидаги ҳароратга оид банд ҳам бор.
Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида бу борада ҳам маълумот берилди.
Унда шундай дейилади: «Қонунчиликка мувофиқ мактаблардаги иш хоналарида жумладан, синфлардаги ҳаво ҳарорати 16 °С дан паст бўлиши мумкин эмас.
Бунда, ҳарорат мунтазам равишда физика ўқув лаборатория хонасида 18 °С – 21 °С, спорт залида 18 °С – 20 °С бўлиши керак».
Болаларнинг соғлиги учун ғамхўрлик қиладиган, уларнинг сифатли таълим олишлари учун шароит яратадиган қонун-қоидаларнинг борлиги жуда яхши. Аммо бу қонунларга амал қилиняптими? Буниси энди катта савол.
Мисолларга эътибор беринг:
«Kun.uz» таҳририятига Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани «Олмазор» маҳалласи Муртак қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушган, ўз вақтида мурожаатда кўрсатилган муаммолар жойида ўрганилганди. Янги ўқув йили арафасида мактаб филиали аянчли аҳволда эди. Мурожаатда кўрсатилганидек, ҳақиқатдан ҳам бирорта ўйингоҳ ёки спорт майдончалари йўқ. Иситиш тизими мавжуд эмас. Совуқ кунларда қўлбола печкаларда иситилади.
Шунингдек, Андижон туманидаги 44-мактабда хоналар совуқ, ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш фоизи жуда пастлиги ҳақида сайтда «Андижоннинг «сирти ялтироқ, ичи қалтироқ» мактабида» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида мавжуд 89та умумтаълим мактабига 1312 тонна брикет нам ҳолатда етказиб берилган. Натижада мазкур ёқилғи маҳсулоти 200-300 кг кам чиқяпти. Бу ҳақда Turon24 мухбирига тумандаги 58-умумтаълим мактаби директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ҳамидулла Эргашев маълум қилган.
«Туманда мактабларнинг барчаси брикет ва кўмир билан иситилади, – деган туман халқ таълими бўлими мудири Шавкат Бекмирзаев. – Таълим муассасаларида мавжуд 502 та қозонхонанинг 11 таси мутлақо талабга жавоб бермайди. Ҳозир ушбу қозонхоналар қайта таъмирланмоқда».

















