19:17 / 20.11.2018
22432

Мактабда замонавий меҳнат хонаси очилди

Корея Республикасининг «Asiana Airlines» авиакомпанияси ва «Friendasia» ташкилоти томонидан ўзига хос лойиҳага қўл урилди.

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 1822 нафар бола билим олаётган 244-умумтаълим мактабининг собиқ ўқувчиси, ҳозирда фаол тадбиркор Жамшид Эсенбаев ташаббуси билан ўқувчиларни касбга йўналтириш ва замонавий технологиялар асосида таълим бериш мақсадида илк бор «Чиройли синф» лойиҳаси иш бошлади.

Лойиҳа доирасида мактабдаги технология фани хоналари тубдан янгиланиб, 200 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Ўғил болаларга ҳунар ўргатиш учун мўлжалланган машғулот хонаси 20 турдаги (пайвандлаш ускуналари, компьютер, турли станоклар ва ҳоказо), қизларнинг меҳнат таълими хонаси эса 26 турдаги (музлаткич, дазмол доска, идишлар тўплами, тикув машиналари) замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

«Ушбу лойиҳа асосида уч томонлама шартнома имзоланиб, 40 кун ичида «Clobel автотранссервис» ташкилоти томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги педагогларнинг ҳар икки тизимдаги энг аъло усул ва методларини ўрганишига имконият яратади. Қолаверса, болаликдан кимдир ҳунар эгаллашга, кимдир тил ўрганишга ва яна биров ҳисоб-китобга қизиқади. Бу қобилиятни шакллантиришда мактабда ўтиладиган технология дарслари, ушбу фан машғулот хоналариининг етарли жиҳозлар билан таъминланиши жуда муҳим. Замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган хоналарда амалий машғулот ўтаётган ўғил-қизлар миллий ҳунармандчилик, пазандачилик, ёғоч ўймакорлиги, чилангарлик ва дизайн йўналишида сабоқ олмоқда», – дейди Яшнобод тумани ХТБ мудири ўринбосари Нодиржон Ҳайитов.

Энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ушбу машғулот хоналаридаги замонавий дарслар ҳозирданоқ ўз самарасини бера бошлади. Ёшлигидан ихтирочилик, конструкторлик соҳаларига қизиқиб келган 14 ёшли ўқувчиси Искандар учун ўзи ўқийдиган 244-умумтаълим мактабидаги ушбу «Чиройли синф» лойиҳаси айни муддао бўлди. У ўзи яратган янги роботча ва ўзиюрар машина билан Халқаро инновациялар ҳафталигида фаол иштирок этиб, кўргазма иштирокчиларининг эътирофига ва махсус совринга сазовор бўлди. Инновацион синфдаги машғулотларда яна янги-янги ихтирочилар, конструкторлар, дизайнерлар кашф этилишига ишонган ҳолда, Яшнобод туманида бошланган ушбу ташаббус мамлакатимиздаги бошқа мактабларда ҳам давом этишига умид билдирилган.

Top