Жамият | 10:10 / 20.11.2018
2090
2 дақиқада ўқилади

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган таклифларини берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб Ўзбекистонга ташриф буюрди. У ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан учрашди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, дўстона руҳда ўтган мулоқотда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида юз бераётган ўзгаришлар, шунингдек, ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратилди.

Жумладан, Алишер Шодмонов Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ошиб бораётгани, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режа ва дастурлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтган.

«Мамлакатингиздаги тиббиёт соҳасига оид ўзгаришларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Эътиборли томони, дунёнинг бирор давлатида кузатилмаган ҳолат, сўнгги икки йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 130га яқин ҳужжат имзолангани диққатга сазовор. Тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган 7 йиллик ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ҳам атрофлича ўрганиб, таклифларимизни бердик. Ишонаманки, дунё давлатларининг энг илғор тажрибаларини ўзида уйғунлаштирган ушбу концепция тизимни янада ривожлантириш, аҳоли саломатлигини асраш баробарида, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини ҳам беради», – деган Жужанна Якаб.

Бугун, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш» мавзусида халқаро конференция ташкил этилади.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якабнинг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид