Жаҳон | 20:08 / 21.11.2018
25440
2 дақиқада ўқилади

“Дисней” студиясининг энг яхши мультфильмлари маълум қилинди

Фото: Walt Disney Productions

Collider портали Walt Disney студиясининг энг яхши ва энг ёмон мультфильмлари рўйхатини тузди.

Рейтинг етакчиси 1940 йилда суратга олинган “Пиноккио” мультфильми бўлди. Порталнинг таъкидлашича, тижорий томондан унча муваффақиятли бўлмаган бу мультфильм танқидчилар томонидан илиқ қабул қилинган. “Пиноккио” энг яхши қўшиқ ва оригинал саундтрек учун “Оскар” мукофоти билан тақдирланган.

2-ўрин 1959 йилда суратга олинган “Уйқудаги гўзал”га берилди. Портал ушбу мультфильм рассоми Эйвинд Эрлнинг ишига алоҳида аҳамият қаратган. Бу иш туфайли мультфильм студиянинг энг улкан лойиҳаларидан бирига айланган.

3-ўринни 1940 йилда суратга олинган “Фантазия” мультфильми эгаллади. Уолт Дисней уни Филадельфия оркестри дирижёри Леопольд Стоковский билан ҳамкорликда яратган. Порталнинг ёзишича, 9 та мусиқий номердан иборат ушбу мультфильм ҳақиқий дурдона ҳисобланади.

Етакчи ўнталикка, шунингдек,.“Бэмби”, “Гўзал ва Маҳлуқ", “Дамбо”, “Қирол Шер”, “Питер Пэн”, “Моана” ва "Оппоқой ва етти гном"мультфильмлари кирган.

Портал талқинига кўра, “Дисней” студиясининг энг ёмон мультфильми 2005 йилда яратилган “Жўжача” (Chicken Little) ҳисобланади.

Мавзуга оид