Ўзбекистон | 22:05 / 21.11.2018
16149
2 дақиқада ўқилади

Президентга фортепиано чалиб берган аскар имтиёз асосида Консерваторияга қабул қилинадиган бўлди

Оддий аскар Жамшид Ҳимматов Президентга фортепианода куй ижро этиб, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёз асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати KUN.UZ’га шу ҳақида хабар берди. 

16 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида бўлиб, ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шавкат Мирзиёев бу ерда турли йўналишлар бўйича ўтказилаётган машғулотлар жараёнини кўздан кечирган, ёшлар билан суҳбатлашган. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўшанда гарнизондаги ҳарбий қисмларнинг бирида оддий аскар Жамшид Ҳимматов Президентга фортепианода куй ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Жамшид Ҳимматов давлат раҳбари топшириғига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёз асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди.

«Президентимизнинг биз хизмат қилаётган гарнизонга ташрифидан хабар топгач, у кишига фортепианода миллий мумтоз қўшиқларимиздан бирини ижро этиб бериш ташаббуси билан чиқдим. Бу фикримни командирларим, хизматдош дўстларим ҳам қўллаб-қувватлади ва мен орзуимга эришдим. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан менга билдирилган юксак ишончдан унумли фойдаланиб, келажакда Қуролли Кучларимиз ҳарбий оркестрида хизмат қилиш ниятим бор», — дейди Жамшид Ҳимматов.

Жамшид Ҳимматов 1998 йили Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида туғилган. 2017 йили Термиз санъат коллежида «Академик вокал артисти» йўналиши бўйича таҳсил олган. 2018 йили муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва ҳозирда Нукус гарнизонида йигитлик бурчини ўтамоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид