Иқтисодиёт | 14:09 / 22.11.2018
7374
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ички ислоҳотларни ўтказиш воситаси - эксперт

Фото: Getty Images

Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш, том маънода ички ислоҳотни ўтказиш воситасидир. Ҳукуматнинг ЖСТга аъзо бўлиш ҳақидаги талабномаси унинг чуқур ислоҳотларни ўтказишга тайёрлигидан дарак беради, деб ҳисоблайди ташкилотнинг халқаро маслаҳатчиси Юрген Рихтер.

«​ЖСТга аъзо бўлиш ҳақидаги талабнома, савдо сиёсати доирасида, ички ислоҳотларни тизимли​ фаоллаштирувчи ҳамда жадаллаштирувчи механизм бўла олади. Қоидага биноан, ЖСТга қўшилиш, янада кенгроқ тизимли ислоҳотлар пакетининг сабаби эмас, балки унинг қисми ҳисобланади. Ташкилот сафига яқиндагина қўшилган аксарият мамлакатлар аъзо бўлиш жараёнидан ички ислоҳотларни ўтказиш ва хорижий инвестицияларни бевосита жалб қилишда фойдаланганлар»​, - дейди у.

22 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида ташкил этилган “Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи савдони рағбатлантириш йўллари“ мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинарда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишига доир жараёнларга қисқача тўхталиб ўтди.

«​Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш талабномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилди ва амалда бу борада ишлар давом эттирилмоқда. Айни кунларда Ташқи савдо вазири ўринбосари Францияда хизмат сафарида бўлиб, ушбу масалада қатор музокараларни олиб бормоқда»​, - дейди у.

Йирик иқтисодий ривожланган давлатлар ўртасидаги савдо уруши Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришига таъсир қиладими? Шу каби мулоҳазалар ва ташкилотга аъзо бўлиш борасида фикрларини билдирган Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов масалага оптимистик руҳда баҳо бермоқда.

«Умуман, Ўзбекистонда протекционизм тенденциялари аста-секин йўқолиб бормоқда. Парламент ушбу масалага қисман аралашган. Чунки, Президентимизнинг АҚШ ташрифи чоғида, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришда Ўзбекистонга кўмак бериш бўйича Америка ҳукумати билан келишув имзоланган», - дейди у.

Сенаторга кўра, «​бу масалада чуқур ўйлаб, кейин қарорга келиш мақсадга мувофиқ. Айрим давлатларда протекционизм чоралари жорий этилмоқда. Илгари Ўзбекистон ибрат олаётган давлатлар ўз сиёсатини ўзгартираётган ҳолда бу масалани чуқур ўрганиш лозим»​.

1995 йили ташкил топган ташкилотга айни пайтда 21та давлат аъзолик талабномасини йўллаган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

«ЖСТга аъзо бўлишдан олдин биз бунинг ижобий жиҳатлари билан биргаликда, мамлакат иқтисодиёти учун эҳтимолий салбий оқибатларини ҳам ўрганишимиз зарур. Шунинг учун, албатта, бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур», – дейди Ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Саифназаров айтиб ўтди.

Мавзуга оид