Тошкент вилоятида аҳолини арзон уй-жой билан таъминлашда кўплаб муаммолар юзага келган
2018 йилнинг 23 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг тегишли нормаларининг ижро ҳолати ҳамда Тошкент вилояти мисолида фойдаланишга топширилган арзон уй-жойларнинг ҳақиқий эгаларига берилиши, уй-жойларнинг сифати масалалари бўйича ўрганишлар якунлари юзасидан йиғилиши ўтказилди.
Қайд этилишича, кўпчилик аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари комплекс қуриш талабларига риоя этилмаслигига, аҳоли пунктларининг меъморий қиёфаси ёмонлашувига олиб келмоқда. Лойиҳа-қидирув ташкилотларининг илғор инновацион дастурий ечимлар ва замонавий ахборот базаси билан жиҳозланиши ҳамон етарли эмас, илғор хорижий тажриба суст жорий этилмоқда, тармоқ учун зарур малакага эга кадрлар тайёрлашда оқсоқлик кузатилаётгани сабабли, шубҳасиз, лойиҳа маҳсулотлари сифатига таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Йиғилишда буларнинг барчаси Тошкент вилояти мисолида кўриб чиқилди.
Депутатларнинг жойларда аҳоли билан билан ўтказган учрашувлари чоғида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашда кўплаб муаммолар юзага келганини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10-12 ноябрь кунлари сайлов округларида ўтказилган учрашувлар давомида ушбу масала ўрганилганда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қанча камчиликлар аниқланди.
Масалан, шаҳарларда арзон кўп квартирали, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар белгиланган муддатларда қуриб битказилмаяпти. Кўпгина жойларда эса шошма-шошарлик билан сифатсиз қуриб кетилган, шунингдек, қурилиш материалларидан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланилмаслик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Мазкур уй-жойлар атрофида зарур инфратузилма шакллангани, ижтимоий объектларни барпо этиш масалалари ҳам депутатлар эътиборидан четда қолмади.
Бундай ҳолатларга нисбатан жиддий назорат олиб бориш, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан чоралар кўрилгани таъкидлангани ҳолда, назорат қилувчи ва қурилиш объектларини қабул қилиб олувчиларнинг ҳам масъулиятсизлиги мавжудлиги айтиб ўтилди.
Жорий йилда Тошкент вилоят ҳудудида хонадон ҳисобида жами 7151 та уй-жойлар қурилиши белгиланган. Шундан, 3596 таси “Қишлоқ қурилиш инвест” ва 2163 таси “Шаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси, 1392 таси бошқа ташкилотлар буюртмачилиги асосида қурилаётгани таъкидланди. Шундан, Тошкент вилоятида 4085 таси айнан кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга ажратиш белгиланган. Кўриниб турибдики, жами қурилиши режалаштирилган 57 фоизи бевосита ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар учун бунёд этилмоқда.
Йиғилишда уй-жойлар эҳтиёжи бор фуқароларга адолатли равишда тақсимланиши лозимлигига эътибор қаратилди, дейилади хабарда.
Шунингдек, иштирокчилари қурилаётган уй-жойлар қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ижобий тенденциялар билан бирга, эътибор қаратиш лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигини ҳам қайд этишди. Хусусан, қурилиш учун шароитлар ўрганилмагани, мутасадди идоралар томонидан қурилиш маҳсулотлари имтиёзли нархларда етказиб берилмагани, қурилишлар устидан техник назорат, давлат назорати, муаллифлик назорати етарли йўлга қўйилмагани, ишлар ҳажмлари сифатсиз бажарилаётгани, илғор инновацион тажриба суст жорий этилиши, қурилишда малакали мутахассислар етарли даражада эмаслиги каби масалалар бугунги кунда соҳа мутасаддилари томонидан ўз ечимини кутиб турибди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан муҳокама этилган масалалар ва билдирилган таклифлари инобатга олинган ҳолда, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, муносабатларни тартибга солиш ва янги сифат даражасига олиб чиқиш, соҳага оид меъёрий ҳужжатларнинг такомиллаштирилиши лозимлиги қайд этилди.
Мавзуга оид
13:38 / 08.11.2024
Миср Тошкент вилоятида кўчмас мулк соҳасига инвестиция киритмоқчи
21:15 / 07.11.2024
Тошкент вилоятида иситиш мавсуми 8 ноябрдан бошланади
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
11:53 / 06.11.2024