Жаҳон | 21:15 / 25.11.2018
26470
3 дақиқада ўқилади

Дубай ҳукмдори россиялик аёлнинг 228 минг долларлик қарзини тўлаб берди

Дубай шайхи, БАА бош вазири Муҳаммад бин Рашид Ал-Мақтум БААни тарк эта олмаётган россиялик сайёҳ аёл Анастасия Поповага ёрдам қўлини чўзди. Аёлнинг онаси ўзга юртда дам олиш вақтида бетоб бўлиб қолиб, касалхонага тушиб қолган. Аммо барча уринишларга қарамай, аёл вафот этган. Унинг ўлимидан кейин қизига хусусий шифохонада даволанганлик учун катта миқдорда хизмат ҳақи тақдим қилинган. Аёлга тегишли суммани тўламагунча, мамлакатни тарк этишга рухсат берилмаган.  

Gulf News нашрининг маълум қилишича, Дубай ҳукмдори россиялик аёлнинг қарзини тўлаб беришга қарор қилган. Энди 34 ёшли аёл онасининг жасади билан юртига қайтиб кета олиш имконига эга бўлди. 

Шунингдек, шайх марҳуманинг жасадини юртига етказиш билан боғлиқ барча харажатлар ва унинг оила аъзоларига авиачипталар нархини тўлаб беришни ўз зиммасига олган.

Маълум қилинишича, 57 ёшли тез ёрдам диспетчери Наталья Попова қизи ва икки қиз набираси билан БААга дам олгани борган. Кунлардан бирида у ўзини ёмон ҳис қилиб, бу ҳақида қизига маълум қилиши билан ҳушидан кетган. Шифокорлар унинг аортаси узилганини қайд қилишган. Бир неча шифохона аёлни даволаш иложсиз деб ҳисоблаб, уни қабул қилишдан бош тортган, бироқ охир-оқибат хусусий клиникалардан бири операция ўтказишга рози бўлган. Шифокорларнинг барча уринишларига қарамай, аёл вафот этган.

Анастасиянинг айтишича, шифохона ўз хизматлари учун 228 минг долларлик ҳақ тақдим қилган. Суғурта компанияси ушбу пулларни тўлаб бермаган ва умуман мурожаатларга жавоб бермай қўйган. Аёлнинг икки қизини турмуш ўртоғи келиб, ўзи билан олиб кетган. 

Аёлга ҳақни тўлаб бермагунча мамлакатни тарк этиш ва онаси жасадини олиб кетишга рухсат берилмаган. Шундан кейин аёл Тамбов губернаторига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Шунингдек, муаммони ҳал қилишда Россия ташқи ишлар вазирлиги иштирок этган.   

Тамбов губернатори Александр Никитин аёлга кўрсатилган ёрдам учун Дубай ҳукмдорига миннатдорлик хати жўнатган. У, шунингдек, аёлнинг бошига тушган мураккаб вазиятнинг ҳал қилинишида Россиянинг Дубайдаги бош консули Олег Фоминнинг хизмати катта бўлганини қайд қилиб ўтган. 

Мавзуга оид