Жаҳон | 22:56 / 25.11.2018
2852
3 дақиқада ўқилади

Nissanʼнинг собиқ раҳбари даромадларини яширганини тан олмади

Renault ва Nissanʼнинг собиқ раҳбари Карлос Гон даромадларини қасддан яширгани борасидаги айбловларни рад этиб чиқди, деб хабар бермоқда Эн-Эйч-Кей телеканали ошкор этилмайдиган манбаларига таянган ҳолда.

Телеканалнинг маълумотларига кўра, Гон терговчиларга ўзининг молиявий ҳужжатларини сохталаштириш нияти бўлмаганини айтган.

Аввалроқ Япония ҳокимияти Карлос Гонни 10 кунга ҳибсга олган. Уни мажбурий ҳисобдорлик бўйича талабларни бузганлик, инвесторлар ва тартибга солувчиларга ўзининг мукофотланиши борасида нотўғри маълумотлар тақдим этганликда ва Nissan маблағларини мақсадсиз ишлатганликда айблашган.

Япония оммавий ахборот воситаларининг тарқатган маълумотларига кўра, Токио прокуратураси Nissan пулига бизнесмен номига Ливан ва Бразилияда харид қилинган кўчмас мулк билан ҳам қизиқиб қолган.

Бразилияда ливанликлар оиласида таваллуд топган 64 ёшли Карлон Гон жаҳон автомобилсозлигининг энг машҳур топ-менежерларидан бири саналади. Йигирма йилча муқаддам у Nissanʼни харажатларнинг кескин камайиши ва бошқа ўзгаришлар натижасида юзага келган таназзулдан қутқариб қолган. Гон Renault, Nissan ва Mitsubishi ўртасидаги альянс меъморларидан бири бўлган, шунингдек у “АвтоВАЗ”, немисларнинг “Daimler” ва Хитойнинг “Dongfeng” каби ва бошқа авто ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг фаол тарафдори бўлган.

У 1996 йилнинг охирларидан бошлаб Renaultʼда раҳбар лавозимларда ишлаган. 1999 йилда — Renault ва Nissan стратегик ҳамкор бўлган чоғда япон компаниясига ишлаб чиқариш бўйича директор лавозимига ўтказилган, бир йил ўтиб у президент ва бош директор бўлган. 2005 йилдан бошлаб Renaultʼнинг президенти ва бош директори лавозимларида бирваракайига ишлаган, 2009 йилдан директорлар кенгашига ҳам раҳбарлик қилган. 2016 йилнинг декабридан Mitsubishi директорлар кенгаши раиси этиб сайланган.

2017 йилнинг апрелида Гон Nissanʼдаги раҳбарлик ваколатини Хирото Саикавага топширган, бироқ директорлар кенгаши раиси сифатида қолаверган. 2013-2016 йилларда Гон “АвтоВАЗа” директорлар кенгашига раҳбарлик қилган.

Renaultʼнинг акциялари душанба куни Париждаги савдоларда 13 фоизга пасайиб, 2014 йилги минимум даражагача тушган. Токиодаги Nissan акциялари савдоси эса Гоннинг эҳтимолли ҳибсга олиниши ва ҳайдалиши тўғрисидаги хабарлар ортидан эртароқ тугаган, Франкфуртда эса уларнинг қиймати 11 фоизга арзонлаган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид