Жаҳон | 07:40 / 26.11.2018
11289
2 дақиқада ўқилади

АҚШ чегарасида муҳожирларга қарши резина ўқлар ва кўзни ачиштирувчи газ қўлланди

Фото: REUTERS

АҚШ чегарачилари Мексика билан чегарада муҳожирларга қарши резина ўқлар ва кўзни ачиштирувчи газ қўллашди. Таъкидланишича, чегарачилар муҳожирлар уларга “тошга ўхшаш нарсалар” ота бошлашгандан ва чегарани ёриб ўтмоқчи бўлишгандан кейин бундай чоралар қўллашган.

Excelsior нашри маълумотларига кўра, чегарадаги Тихуанада “тўлиқ бетартиблик” кузатилган. “Назорат бўлиши муҳимдир. Мени кимдир тош отиши, бунга жавобан эса ўқ узишлари каби ҳолатлар бўлиши мумкинлиги қўрқитмоқда”, деб айтган “Чегара фаришталари” ташкилоти асосчиси Энрике Моронес.

Фото: REUTERS

Ўз навбатида, Мексика ҳукумати муҳожирлар билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш учун қўшинлар ёрдамидан фойдаланмаслигини айтган.

Фото: REUTERS

“Давлатимиз бу муаммони ҳал қилиш учун ҳарбий кучлардан фойдаланмайди. Бироқ одамлар АҚШга ноқонуний ўтишга уриниш вақтида кириб борган чегара пунктлари кучайтирилади”, деб айтилган хабарда.

Мексика ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, воқеа оқибатида муҳожирлардан ҳеч ким жабрланмаган. Шунингдек, тартибсизликларда иштирок этган муҳожирлар зудлик билан Мексикадан депортация қилинади.

Фото: REUTERS

Мексика ИИВнинг маълум қилишича, ҳозир мамлакатда 8,4 минг марказий америкалик муҳожир бор бўлиб, улардан 7,4 минг нафари чегарадаги Тихуана ва Мехикали шаҳарларида мужассамлашган. Яна 2 минг муҳожир уйларига қайтишга рози бўлган. 

Фото: REUTERS
Фото: REUTERS

 

 

Мавзуга оид