Иқтисодиёт | 21:00 / 26.11.2018
10346
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Ўзбекистон маҳсулотлари импорти учун божсиз тарифларни тақдим этади

Eвропа Иттифоқи Ўзбекистонга "Асосий имтиёзлар тизими плюс" доирасида бир томонлама тариф имтиёзларини олишда ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ЕИ бозорларига 6200 дан ортиқ турдаги товарларни божхона тўловисиз етказиб бериши мумкин. Ушбу келишувга ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 21-23 ноябрь кунлари Брюсселга ташрифи чоғида эришилди.

Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон - Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 14-йиғилишида ва “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” минтақавий учрашувида иштирок этди. Учрашув доирасида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини, халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш масалалари бўйича Европа Иттифоқи комиссари Невен Мимица, Австрия ташқи ишлар вазири Карин Княйсель, Бельгия ташқи ишлар вазири Дидье Рейндерс билан икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Томонлар 2019 йилда Брюсселда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги Ўзбекистон-Европа учрашуви Ўзбекистон раҳбарининг Бельгияга расмий ташрифи юзасидан тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ишларни бошлашга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида 1999 йил 1 июлда кучга кирган Ўзбекистон Республикаси билан Европа Ҳамжамияти ва уларнинг аъзо давлатлари ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани алмаштирадиган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бўйича музокаралар бошлаш ҳақида келишувга эришилди. Европа томони тегишли ҳужжати лойиҳасини тақдим этди.

Томонлар таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар, бугунги кунда талабгир бўлган соҳаларда мутахассисларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистонда Европанинг етакчи университетлари филиаллари тармоғини кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар.

Eвропа томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги, жумладан, тинчлик жараёни бўйича глобал ва минтақавий консенсусни ишлаб чиқиш, трансафғон транспорт ва савдо йўлларини жорий этиш ташаббуси, афғон аёллари учун таълим дастурини ишлаб чиқиш каби саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида Европа Иттифоқи томонидан умумий бюджети 25 млн евро бўлган "Чорвачилик соҳасини ривожлантириш", "Республика вилоятларида адлия идоралари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш" қўшма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича келишувлар имзоланди. 

Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи вакиллари 2019 йил ўрталарида ўрта истиқболга мўлжалланган минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги “Йўл харитаси” бўладиган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янгиланган ЕИ стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олдилар. Европа томони ушбу ҳужжатда Марказий Осиё давлатлари ривожланишининг устувор йўналишларига кўпроқ эътибор қаратилишини қайд этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид