Жамият | 12:17 / 26.11.2018
7947
5 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда ажримлар олдини олишга қаратилган янги лойиҳа старт олди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманида намунали тарзда ўтказилиши белгиланган “Ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмаги” лойиҳасига старт берилди. 

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги ПФ-5106-сон фармони, 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5325-сон фармони, 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш консепцияси тўғрисида” ПҚ-3808-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Мамлакатда бугунги кунда 1 млн 793 мингдан ортиқ ёш оилалар мавжуд. 2018 йилнинг биринчи ярми (январь-июнь ойлари)да ёшлар ўртасида 82 885 та никоҳ қайд этилган. Ёшлар ўртасида қайд этилган никоҳлар 2017 - йилнинг ушбу даврига нисбатан 4 674та (5,6 %)га ошган. Ёш оилалар ажрими масаласида ҳам кўрсаткичлар юқори. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ёшларни онгли равишда оилага тайёрлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 февралдаги ПФ-5325-сон фармонида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан, шунингдек ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий, диний негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларини ёшлар онгига сингдириш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилди.

Жумладан, “Оилаларда соғлом муҳит яратайлик!”, “Оила – бахт тўла қўрғоним”, “Ёшлар ажримларга бутунлай қарши”, “Мустаҳкам оила сари”, “Эрта турмуш – умр заволи” мавзуларида 412 мингдан ортиқ ёш оилалар вакиллари иштирокида 5800 та очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилди. Хусусан, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятлар, замонавий ёш оиланинг намунали шаклини тарғиб этиш мақсадида “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципи асосида 11 300 дан ортиқ нотинч ва муаммоли ёш оилалар билан индивидуал суҳбатлар ташкил этилди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ушбу амалий ишларнинг давоми сифатида ташкил этилаётган “Ёш оилаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмаги” лойиҳасига эксперимент сифатида Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани танланди.

Маълумот учун: туманда 356 728 аҳоли, 21 377 ёш оила мавжуд, шунингдек туманда МФЙлар сони 106 та. Ёш оилалар ўртасида ажримлар сони 2018 йилнинг 1-ярмида ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 33 тадан 65 тага ёки 196% га ошган.

— Лойиҳа 3 босқичда ўтказилмоқда. Биринчи босқичда лойиҳани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди. Бугун ижтимоий-иқтисодий оғир ҳолатдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тақсимланиб, асосий йўналишлар белгилаб олинди, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Д.Каттахонова. — Маҳаллалардаги оғир ижтимоий-иқтисодий ҳолатдаги ёш оилалар хонадонига уйма-уй юрилиб, уларнинг муаммолари ўрганилади ҳамда вилоят, туман мутасадди ташкилотлари кўмагида уларни ҳал этиш чоралари кўрилади. Республика даражасида бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади ҳамда Республика ишчи гуруҳи томонидан назоратга олинади. Ўрганиш якунлари бўйича таҳлилий маълумот тайёрланади ҳамда оғир ижтимоий-иқтисодий ҳолатдаги ёш оилалар муаммолари ечими бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилади.

Ишчи гуруҳ аъзолари икки ҳафта давомида қуйидаги ишларни амалга оширади:

— Оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит соғломлаштирилади
— Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит ажратилади
— Юзлаб ёш оила вакилларининг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади
— Оилаларга бирламчи, тез ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади
— Ёш оила фарзандларининг МТМга қамраб олиниши бўйича кўмак кўрсатилади
— Ёш оилаларнинг ҳужжатлари (паспорт, никоҳ ва туғилганлик гувоҳномалари, рўйхатга қўйиш)даги муаммолар бартараф этилади
— Ёш оила вакилларига ҳуқуқий консултациялар берилади
— Томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиш бўйича амалий кўмак берилади
— Оилани мустаҳкамлаш бўйича мастер-класслар ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида тумандаги мавжуд барча касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва мактабларнинг юқори синф ўқувчилари учун махсус тренинглар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Мавзуга оид