KUN.UZ сайтида эълон қилинган, Шуҳрат Шокиржонов муаллифлигидаги «Мажбурий обуна схемаси. Муштарийга мажбуран тиқиштирилаётган нашрлардан нима наф?» мақоласидан парча:

«Тўғри-да, жон куйдириб ишлаш ўрнига, бир-икки ой давомида қаердадир яхши гапириб, айрим жойларда ялиниб, қаердадир дўқ-пўписа билан ишни битириб, обунадан бир йил мобайнида майда чайнаб ейишга етадиган маблағ тўплаш — баъзи таҳририятларнинг асосий иши бўлиб қолган. Обуна қай тарзда уюштирилаяпти, пул қандай йиғилаяпти, муштарий розими ойлигидан шу пулни берганига, ўзи унга қизиқми шу нашрни ўқиш — йигирманчи ўриндаги масала».

Ҳурматли Шуҳрат Шокиржонов, жуда тўғри, ҳаяжонли сатрларни ёзибсиз, раҳмат. Обунадан бир йил мобайнида майда чайнаб ейишга етадиган маблағ тўплашдан бошқа асосий иши бўлмаган таҳририятларда ишлайдиганлар сизнинг бу киброна гапларингизни ўқиб шунчалар бекорчи иш билан (яъни, бошқалар ҳисобидан кун кўриш) банд эканликларидан уялиб шу кунларда тезда касбларини ўзгартирсалар ажабмас. Сиз ва «Даврий нашрлар керакми?» дея ҳар йили обуна мавсумида завқ билан жар соладиганлар хурсанд бўлса бўлди...

«Гадонинг душмани гадо бўлади», деганларидек ҳар йили обуна мавсуми бошланар бошланмас, сизга ўхшаган баъзи калондимоғ журналистлар газета-журналларда ишловчи ҳамкасбларига қарши таёқ кўтариб майдонга чиқишади, важоҳатларидан гўё шусиз ҳам деярли йўқ бўлиш арафасида турган таҳририятларни устидан кулиб, калтаклаб бутунлай жамият ҳаётидан ўчириб ташлашса «қаҳрамонга» айланишади...

Хоҳлаганча қаҳрамон бўлаверинг, фақат бировни ҳақорат қилиш эвазига эмас!

Энди виждонан айтинг, зўр журналист экансиз, шу даражага етишишингизда даврий нашрларни сал бўлсаям ҳиссаси йўқми? Икки энлик мақолангиз ёки тўрт сатр шеърингиз илк бор газетада чоп этилганида хурсанд бўлгандирсиз? Илк машқларингизни — сизнинг таъбирингиз бўйича «текинхўр» — устоз журналистлар кўриб чиқиб бирор маслаҳат бергандир, тўғри йўл кўрсатгандир ёки сиз бирданига шу даражага етиб, сайтдан туриб бошқа ҳамкасбларингизга паст назар билан қараяпсизми?!

«Туманга газета керакма-а-а-ас!», дея иддао қилишдан олдин қизиқиб кўрдингизми: туманда яшовчи фуқаролар газета ёпилишидан қай даражада манфаатдор бўлишади?!

Оддий бир эълон бериш учун (корхонани ёпиш, йўқолган гувоҳномаларни қайта тиклаш ва бошқалар) сайтга мурожаат этиб, ҳар ҳолда тартиб-қоидани ижтимоий тармоқ орқали расмийлаштирмаса керак? Майли, бу қонун-қоидаларга ҳам бирор ўзгартириш, таклиф киритиб янгича тартиб берарсиз балки, лекин умид билан таҳирият остонасини ҳатлаб келадиган ёшларга ким устозлик қилади?!