Ўзбекистон | 19:20 / 27.11.2018
74125
4 дақиқада ўқилади

Бизга Украина билан савдо уруши керакми?

Ҳоким Хлестаковга: «Унтер-офицернинг хотини ёлғон гапиради; мен уни урганим йўқ, Худо ҳаққи,ёлғон. Ўзини-ўзи урган».

Н.В. Гоголь, «Ревизор» (1836)

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси Украина фармацевтика маҳсулотларини божхона расмийлаштирувидан ўтказмаяпти. Бу борада ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаганидан эса, бу Украина томонидан Ўзбекистоннинг енгил автомобиллар импортига нисбатан субсидия масаласида тергов-суриштирув ишлари ўтказилишига жавоб деб тахмин қилиш мумкин. Бу ерда гап Ўзбекистон маҳсулотларига нисбатан қандайдир ҳаракат ёки қарорлар ҳақида эмас, фақатгина текширув ҳақида бормоқда.

Божхона қўмитасининг бу ҳаракати тўғрисида нима дейиш мумкин?

Бу ноқонуний

Украина томони ҳеч қандай ноқонуний иш қилгани йўқ. Бунинг устига, ҳеч қандай нодўстона ҳаракатни амалга оширмади. Бундай текширув бозорда ҳалол рақобатни таъминлаш мақсадида ўтказиладиган оддий амалиётдир. 

Божхона қўмитаси Ўзбекистон қонунчилигини (юк ҳеч қандай асосларсиз ушлаб турилибди) ва халқаро келишувларни бузмоқда.

Бу мантиққа зид

Яхши биламизки, хорижда ўзбек автомобиллари ўзимиздагига нисбатан арзонроқ нархда сотилган. Кўпинча таннархидан ҳам арзонроққа. Бу амалда ўзбек истеъмолчилари ва солиқ тўловчилари хорижлик харидорларни субсидиялаб келганини билдиради. Яъни маҳаллий автомобиллар экспорти ўсишининг чиройли кўрсаткичлари бизнинг чўнтагимиздан молиялаштирилган. Келинг, бир саволни бериб кўрайлик: бу бизга керакми?

Агарда Украинанинг текшируви бизнинг автомобиллар субсидияланган нархларда сотилганини кўрсатиб берса, менимча, буни тан олиш ва Украина томонига бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини тушунтириш мантиққа мос бўлади. Айниқса, бундан буён бундай қилишнинг бизга фойдаси йўқ.

Савдо урушига кириш энг бемаъни қарор. Бунинг устига, биз энди автомобилларни таннархидан арзон сотмаймиз. Шундай экан, «уруш»нинг нима кераги бор?

Бунинг бизга фойдаси йўқ

Энди кимни жазолаётганимизни кўриб чиқамиз.

Украиналик ишлаб чиқарувчиларними? Балки. Аслида улар айбдормас. Ўзимиздан бошқа ҳеч ким айбдор эмас.

Кимлар озор чекади?

- Компаниялар, жумладан, сотиб олинган маҳсулотларини олиб кира олмайдиган ўзбек компаниялари. Уларнинг айби нима?

- Украина маҳсулотларининг ўзбекистонлик истеъмолчилари. Энди улар қимматроқ ёки сифати пастроқ муқобил маҳсулотларни излашларига тўғри келади. Мабодо бозорда қандайдир дори топилмаса-чи? Аммо афтидан, бундай арзимас нарсалар Божхона қўмитасини ташвишлантирмайди. 

- Олинмаган божхона тўловлари сабабли Давлат бюджети. Бу ҳам арзимас нарса шекилли?

- Хўш, биз кимни жазоламоқдамиз? Биринчи ўринда ўзимизни!

Бу тараққиётимиз учун зарарли

Бундан ташқари, бундай ноқонуний қарорларнинг стратегик оқибатлари ҳам бор.

Биринчиси. Биз дунёга борган сари очилиб бормоқдамиз. Хорижлик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли тижорат муносабатларини ўрнатмоқчимиз, хориж инвесторлари ва сайёҳларини жалб этишни истаяпмиз. Бундай қарорлар билан эса ишончли ҳамкор имижини ўзимиз йўқотяпмиз. Биз салоҳиятли шериклар ва инвесторларга биздаги қонунлар ҳеч нарсани англатмаслигини кўрсатаётгандек бўляпмиз. Бу эса инвестицион муҳит учун ўйлаб топиш мумкин бўлган энг кучли антирекламадир. 

Иккинчиси. Импортни сунъий равишда чеклаш орқали ўзимизни халқаро меҳнат тақсимоти ва халқаро савдода қатнашиш устунликларидан маҳрум қиляпмиз, яна «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш»ни таъкидлайдиган турли протекционистларнинг йўриғига юряпмиз. Мен бошқа ҳимоя ҳақида ўйлаган бўлардим: а) маҳаллий истеъмолчиларни – маҳаллий монополиячиларнинг сифатсиз ва қиммат маҳсулотларидан, б) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни – ҳар хил «ҳимоячилар» томонидан мунтазам равишда ўйлаб топиладиган рақобатни ўлдирувчи нотенг «ўйин қоидалари»дан.

Украина маҳсулотларини тўсиш ҳаракати «Ревизор»даги унтер-офицернинг ўзини-ўзи урган бевасининг ҳаракатини эслатиб юборади. Тўғри, Гоголга кўра аслида у ўзини-ўзи урмаган. Аммо биз ўзимизни ўзимиз жазолаяпмиз. Шу керакми?

Юлий Юсупов

Мавзуга оид