АҚШ президенти Доналд Трамп 30 октябр куни Хитой раҳбари Си Жинпинг билан Жанубий Кореядаги ҳарбий аэродромда учрашув ўтказди. Учрашувда икки энг йирик иқтисодиёт ўртасидаги савдо кескинлигини юмшатиш масаласида томонлар оптимистик кайфиятда кўринди.

Жанубий порт шаҳри Бусанда ўтган бу учрашув — Трамп ва Си ўртасидаги 2019 йилдан бери илк юзма-юз мулоқот бўлиб, Трампнинг Жануби-Шарқий Осиё бўйлаб сафарининг якуний нуқтасига айланди.

«Бизда жуда муваффақиятли учрашув бўлади, бунга шубҳам йўқ. Аммо у жуда қаттиқ музокарачидир», — дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Reuters. Си эса Трамп пайшанба куни битим имзоланиши мумкинлигини айтганда, сезиларли ҳиссиёт билдирмади.

Делегациялар билан музокаралар бошида Си таржимон орқали «дунёнинг икки етакчи иқтисодиёти ўртасида вақти-вақти билан низо чиқиши табиий ҳол» эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бир неча кун аввал икки давлатнинг савдо бўйича музокарачилари «асосий масалаларда ўзаро муҳим келишувга» эришган. «Мен президент Трамп билан Хитой–АҚШ муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор яратиш устида ишлашни давом эттиришга тайёрман», — деди Си.

Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида ўтган учрашув қарийб икки соат давом этди. Трамп Си билан яна бир бор қўл сиқишиб, уни машинасигача кузатиб қўйди. Учрашув тафсилотлари ҳали эълон қилинмади.

Хитой фонд бозорлари сўнгги ўн йилликдаги энг юқори даражага, юан эса долларга нисбатан бир йиллик максимумга кўтарилди — бу инвесторларнинг савдо таранглигини юмшатиш борасидаги умидлари билан изоҳланмоқда. Шунингдек, сўнгги кунларда жаҳон фонд бозорлари — Уолл-стритдан Токиогача рекорд даражаларга чиқди.

Трамп аввалроқ Си билан келишувга эришиш истиқболи ҳақида бир неча бор оптимистик фикр билдирганди. Бироқ икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва геосиёсий рақобат кучайиб бормоқда, ҳар қандай савдо сулҳининг қанча давом этиши борасида ҳали кўп саволлар мавжуд.