16:40 / 28.11.2018
31053

Роналдунинг қасоси ва Моуриньодан саҳна кўриниши. ЕЧЛда тур воқеалари

27 ноябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигасида 5-тур учрашувлари доирасида 4 гуруҳда 8 учрашув бўлиб ўтди. «Трибуна» ушбу ўйинлардаги асосий воқеаларни келтириб ўтади. Бу ўйинлардан кейин ЕЧЛ плей-офф босқичига йўлланма олган жамоалар сони 8тага етди: «Аякс», «Реал», «Рома», «Бавария», «Манчестер Сити», «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед».

E гуруҳи
«Аякс» 13 йил кутди, «Бавария»да йирик ғалаба

АЕК – «Аякс» – 0:2 (Тадич, 68, пенальтидан, 72)

Афинадаги ўйин АЕК ва «Аякс» фанатлари тўқнашуви билан ёдда қолди. Нидерландиялик мухлислар жойлашган трибуна томон файерлар учирилди, бу ҳудудга Молотов коктейллари ҳам улоқтирилди. Кейин эса полиция меҳмон жамоа мухлисларини тинчитиш учун куч ишлатди.

«Аякс» Грецияга 3 очко учун келганди – ғалаба Эрик тен Хаг шогирдларини муддатидан аввал 1/8 финал иштирокчисига айлантирарди.

Амстердамликлар бу вазифани иккинчи бўлимга қолдиришди. Ўйиннинг 67-дақиқасида Марко Ливайя ўз жамоаси жарима майдонида тўпни қўли билан ўйнади ва иккинчи сариқ карточка туфайли майдонни тарк этди, Душан Тадич эса белгиланган пенальтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди. Кейинроқ Тадич дублни расмийлаштирди.

Бу ғалаба эвазига нидерландлар кейинги 13 йил ичида илк марта турнирнинг плей-офф босқичида қатнашадиган бўлишди.

«Бавария» – «Бенфика» – 5:1 (Роббен, 13, 30. Левандовски, 36, 51. Рибери, 76 – Жедсон Фернандеш, 46)

«Бенфика» ва «Бавария» футболчилари Афинадаги ўйин натижаси, «Аякс» йўлланмани ҳал қилганини билишганидан кейин «Альянц-Арена»га чиқишди. Португалларни бу ўйинда фақат ғалаба қониқтирарди, аммо Арьен Роббен илк дақиқаларданоқ «бургутлар»нинг орзуларини чиппакка чиқарди.

У қанотдан ажойиб рейд уюштириб, ўз услубида дарвозани икки марта ишғол этди. Биринчи эпизодда Арьен уч футболчини алдаб ўтди, иккинчи вазиятда эса Роббен дарвозага зарба бераётганида рақибнинг уч ҳимоячиси газонга ётганди. Январда 35 ёшга тўладиган Роббен иккинчи ёшлигини ўтказмоқда. У турнирда урган голлари сонини 31тага етказиб олди, бу билан Рууд ван Нистелройдан кейинги иккинчи ўринда. Мюнхенликларнинг эса турнир тарихида урган голлари сони 450тага етди ва жамоа бу борада фақат «Реал» ҳамда «Барселона»дан ортда.

Роберт Левандовскининг голи ҳам чиройли чиқди – у икки рақибни ортда қолдириб, биринчи бўлимдаёқ ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар Фернандешнинг голи билан жавоб қайтаришди, аммо кўп ўтмасдан поляк ҳужумчиси яна бир зарбаси билан дублни расмийлаштирди. Левандовски жорий мавсумда турнир тўпурарига айланди.

«Бавария» Риберининг голи билан ҳисобни янада йирик кўринишга келтирди ва «Бенфика» энди баҳорда Европа Лигасида иштирок этадиган бўлди. Нико Ковач ҳозирча ишдан ҳайдалишдан қутулиб қолди.

F гуруҳи
Корне – «Сити» учун момақалдироқ, «Шахтёр» ўйинга қайтди

«Лион» – «Манчестер Сити» – 2:2 (Корне, 55, 81 – Ляпорт, 62. Агуэро, 85)

Пеп Гвардиола Лионга реванш мақсадида келганди. Аммо «Лион» гуруҳ босқичида «Манчестер Сити»ни иккинчи марта ҳам мағлуб этишига бир бахя қолди. Шундай бўлганида ҳам бу ўтган сафарги каби катта сенсация сифатида кўрилмасди, французлар стартда сафар ўйинидан ғалаба билан қайтишганди (2:1). Бруно Женезио жамоасини АПЛ етакчисига қарши жуда яхши тайёрлаганди. Биринчи бўлимда мезбонлар доимий равишда ҳужумлар уюштиришди, зарбалардан бири дарвоза тўсинидан қайтди, яна бир супермоментни Максвелл Корне йўққа чиқарди. Аммо иккинчи бўлимда Корне хатосини тўғрилади – жарима майдони ташқарисидан берган кучли зарбасига қарши Эдерсон ҳеч нарса қила олмади.

Шундан сўнг, «Сити» ўйинни қутқариб қолиш учун бор куч билан олдинга ташланди. Агуэронинг зарбасини Лопеш қайтарди, аммо стандарт вазиятдан кейин Ляпортнинг зарбасини қайтара олмади.

Французлар эса яна гол уришди. Яна Корне. «Манчестер Сити» бўйича мутахассисга айланган бу ҳужумчи бу мавсумда фақат икки марта бошланғич таркибга киритилди. Иккита ўйин ва учта гол. Аммо битта ғалаба. Чунки, ўйин охирида «Ман Сити» мағлубиятдан қутулиб қолди. Яна стандар вазият, бу сафар бурчак зарбасидан кейин Серхио Агуэро дарвозани ишғол қилди. Дуранг натижа Хосеп Гвардиола жамоасини муддатидан аввал плей-офф иштирокчисига айлантирди. Мағлубиятсиз сериясини давом эттирган «Лион» (1 ғалаба ва 4 дуранг) иккинчи ўринда.

Гвардиола учун «Лион» қўрқинчли тушга айланмоқда. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида эса француз журналисти уни бошқа нарса билан қўрқитди, Моуриньо ҳақидаги савол Гвардиоланинг жаҳлини чиқариб юборди.

«Ҳоффенҳайм» – «Шахтёр» – 2:3 (Крамарич, 17. Цубер, 40 – Исмаили, 13. Тайсон, 15, 90+2)

«Ҳоффенҳайм» ва «Шахтёр» яна бир қизиқарли ўйин тақдим этишди. Турнирда шу вақтгача ғалаба қозона олмаган бу икки жамоа ўйинида украинлар Исмаилининг голи эвазига ҳисобни очишди. Юлиан Нагельсман захира ўриндиғида ўтириб, янги режа тузаётган вақтда эса меҳмонлар иккинчи голни уриб улгуришди. Икки голда ҳам Тайсон иштирок этди: иккинчи голда Исмаили билан девор услубида ҳаракат қилиб, марказий ҳимоячилар хатосидан кейин дарвозани ишғол қилди. Бошқа жамоа бўлганида таслим бўлган бўларди, аммо «Ҳоффенҳайм» эмас. Бунгача Нагельсман «Лион»га қарши икки ўйинда ҳам 0:2 ҳисобидан чиқиб кета олганди.

Андрей Крамарич ва Стивен Цубер танаффусга қадар ҳисобни тенглаштиришди. Голлардан кейин карточкалар олиниши бошлади. Немислар жамоаси ҳужумчиси Адам Салаи рақиб жарима майдонида қўпол ҳаракати учун иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди. «Ҳоффенҳайм» бир киши кам бўлиб қолганида янада кўпроқ ҳужум уюштирди. Немислар 3 очко олишга жуда яқин эди, аммо 93-дақиқада қарши ҳужум ўтказиб юборилди, Тайсон «кончилар»га ғалаба келтирувчи голни урди.

Энди «Шахтёр» иккинчи ўрин учун яхши имкониятга эга, бунинг учун охирги турда «Лион» мағлуб этилиши керак.

G гуруҳи
Римда интригасиз ўйин

ЦСКА (Россия) – «Виктория» Пл (Чехия) – 1:2 (1:0)
Голлар: Влашич, 10 –  пенальти (1:0). Прохазка, 56 (1:1). Хейда, 81 (1:2).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Прохазка, 44 (дарвозабон).
ЦСКА: Акинфеев, Бекао, Чернов, Набабкин, Мариу Фернандес, Бистрович, Влашич, Обляков (Кучаев, 72), Щенников (Ефремов, 46), Чалов (Жамалетдинов, 80), Сигурдссон.
«Виктория» Пльзень: Грушка, Ржезник, Хейда, Хубник, Лимберски (Копиц, 46), Петржела (Гавел, 70), Прохазка, Хрошовски, Чермак, Коваржик, Хоры (Ржезничек, 80).
Огоҳлантиришлар: Обляков, 13. Чалов, 24. Хубник, 36. Хрошовски, 60. Копиц, 90+2.
Ҳакам: Маккели. Дикс, Стегстра, Блом, Камфайс (барчаси – Нидерландия).
27 ноябрь. Москва. «Лужники» стадиони

Ўйин бошида пенальтидан ҳисобни очган мезбонлар, биринчи бўлим охирида пенальтини қайтаришди. Барча ЦСКАнинг ишончли ғалабасини кутаётганди, аммо иккинчи бўлимда Прохозка ва Хейда биттадан гол уриб, меҳмонларнинг ғалабасини таъминлашди.

Москвада «Реал»ни мағлуб этиб, сенсация кўтарган ЦСКА энди Европа Лигаси йўлланмасидан ҳам қуруқ қолиши мумкин. Бу йўлланма учун тўғридан-тўғри рақиб бўлган чехларга қарши ўйиндаги мағлубият вазиятни мураккаблаштириб юборди.

Энди охирги турда ЦСКА Мадридда ҳам 3 очко олиши керак бўлади. Охирги турда «Виктория» Пльзен ўз майдонида иштиёқсиз «Рома»ни енгиши ҳақиқатга яқинроқ.

«Рома» (Италия) - «Реал» (Испания) - 0:2 (0:0)
Голлар: Бэйл, 47 (0:1). Васкес, 59 (0:2).
«Рома»: Ольсен, Флоренци, Манолас, Фасио, Коларов, Денгиз Юндер, Кристанте, Н`Зонзи (Чорич, 64), Ал-Шаъровий (Клюйверт, 22), Шик, Дзаньоло (Карсдорп, 69).
«Реал»: Куртуа, Карвахаль, Варан, Серхио Рамос, Марсело, Льоренте, Кроос, Модрич (Вальверде, 80), Васкес, Бэйл (Асенсио, 84), Бензема (Диас, 77).
Огоҳлантиришлар: Модрич, 21. Дзаньоло, 42. Варан, 90+4.
Ҳакам: Тюрпен (Франция).
27 ноябрь. Рим. «Олимпийский стадион».

Бу ўйиндан аввал икки жамоа ҳам ўхшаш вазиятда эди. Икки жамоа ҳам халқаро майдонда яхши иштирок этмоқда. Икки жамоа ҳам ички чемпионатда оқсоқланмоқда: «Реал» 13 ўйинда 20 очко жамғарган ҳолда олтинчи ўринда, «Рома» 13 ўйинда 19 очко олган ҳолда еттинчи ўринда жойлашган. Бу ўйинга Сантьяго Солари Себальоснинг ўрнига Льорентени, Асенсионинг ўрнига Лукас Васкесни туширди. Иско эса қайдномага ҳам киритилмади.

«Реал» Римда шармандаликдан қутулиб қолди. Испания чемпионати доирасида аутсайдер «Эйбар»дан қабул қилинган йирик мағлубият (3:0) ортидан ғалаба қозонилиши Соларига ишончни қайтарди.

Бу ўйин бошланишига 15 дақиқа қолганида Москвадаги ўйин тугаган, ЦСКА ўз майдонида «Виктория»га ютқазганди. Натижада «Рома» амалда Мадрид клубига қарши ўйин натижаси қандай бўлишидан қатъи назар кейинги босқичга чиқиб бўлганди. Қолаверса, жамоанинг асосий футболчилари Эдин Жеко ва Де Росси бу ўйинда майдонга туша олмади.

Асосий етакчиларисиз ҳаракат қилган бўлсада Эусебио Ди Франческо жамоаси ўйинни фаол бошлади: Илк дақиқаларда Денгиз Ундер дарвоза қаршисида ёлғиз қолди, аммо у бўш қолган дарвозага тўпни икки-уч метр масофадан киритиб юбора олмади.

Қолаверса, жамоа яна бир йўқотишга учради, ал-Шаъровий 22-дақиқада жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди.

 

Иккинчи бўлим бошида эса Федерико Фасио Мадрид жамоасига гол совға қилди, у тўпни Гарет Бэйлга ташлаб берди. Шундан сўнг римликлар ўйинида тарқоқлик юзага келди ва Карим Бенземанинг пасидан кейин Лукас Васкес иккинчи голни урди.

«Реал» мухлислар қаршисида айбни маълум маънода ювди, «Рома» ютқазса ҳам, ЕЧЛ плей-оффида.

Н гуруҳи
Роналдунинг қасоси ва сеҳрли «Олд Траффорд»

«Ювентус» – «Валенсия» – 1:0 (Манжукич, 59)

Криштиану Роналду қасосини олди. Икки ой муқаддам унинг Испанияга қайтиши «Месталья»даги даҳшатга айланиб кетганди. Ўйин бошидаёқ қизил карточка олиши туфайли португалиялик футболчи майдонни кўзда ёш билан тарк этганди.

Биринчи бўлимда Роналду 4 марта зарба берди, шулардан бири устундан қайтди ва футболчи танаффусга голсиз чиқди. Вазиятлардан бирида эса «Ювентус» унинг хатоси туфайли гол ўтказишига бир бахя қолди, Роналду ҳавода тўп учун курашда Мухтор Дьякабига ютқазганди. Иккинчи бўлимда Криштиану испанлар дарвозаси томон яна 4 марта ҳужум уюштирди (икки зарба аниқ) – аммо гол бўлмади. Ниҳоят Роналду ўйин қаҳрамонига айланди. Айнан у охирги дақиқаларда рақиб ҳимоячиларини доғда қолдириб, Марио Манжукични бўш дарвоза қаршисида тўп билан қолдирди, унинг финтларидан кейин хорватиялик футболчи ғалаба голини урди. Роналду қасос олди, Турин клуби қаторасига бешинчи мавсум ЕЧЛ плей-офф босқичида қатнашади. «Валенсия» эса турнирнинг 1/8 финалига йўл олишдан умид узди ва баҳорда Европа Лигасида иштирок этиш билан овунадиган бўлди.

«Манчестер Юнайтед» – «Янг Бойз» – 1:0 (Феллаини, 90)

«Олд Траффорд» бу евромавсумда мириқиб ухлаш учун ажойиб жойга айланди. Аввалги турларда «Ювентус» ва «Валенсия»га қарши ўйинларда мезбонлар гол ура олишмаганди, «Янг Бойз»га қарши ўйинда ҳам асосий вақтда гол урилмади. Қўшимча дақиқаларда Марвон Феллайни урган гол эса Жозе Моуриньони ақлдан оздирди – «Манчестер Юнайтед»нинг португалиялик мураббийи ғалабани ва бу ғалаба келтирган плей-офф йўлланмасини ўзига хос тарзда нишонлади. У ҳиссиётларини тия олмасдан, аввалига майдон четида турган сувлар саватчасидан бирини тепди, кейин эса бошқасини кўтариб ерга урди. Айтиш мумкинки, агар ҳакам Феллайни тўпга қўли тегиб кетгани учун голни бекор қилганида, «Спейшл ван» уни ҳам ерга қориштириб юборган бўларди.

Умуман, бу «МЮ»га хос ўйин бўлди, мухлислар бу ўйинни зерикиб томоша қилишди. Майдон эгалари эҳтиёткор ўйин кўрсатишди, «Янг Бойз»да ғалаба учун ҳам имкониятлар пайдо бўлганди.

Ўйиндаги ғалабада Давид де Хеанинг ҳам улуши бор. У бир вазиятда тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб юборди.

Швейцарлар имкониятлардан фойдалана олишмади, Моуриньо эса Чемпионлар лигаси плей-оффида ўйнайди.

Азиз Қаршиев тайёрлади

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top