Жамият | 19:23 / 28.11.2018
43607
8 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда прокуратура томонидан паспорти олиб қўйилган аёлнинг иши қачон ҳал этилади?

Kun.uz таҳририяти томонидан Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, ГДЗ-2 мавзесида истиқомат қилиб келаётган фуқаро М.Юлдашеванинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) фуқаролик паспорти туман прокуратураси томонидан олиб қўйилганлиги ва бунинг оқибатида ногирон боласини даволата олмаётгани ҳақида йўллаган мурожаати жойида, яъни Сурхондарё вилоятида ўрганиб чиқилди.

Фуқаронинг таъкидлашича, маълум сабабларга кўра унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома айнан туғилган пайтида эмас, балки 1999 йилда бобоси (отаси вафот этганлиги сабабли) томонидан ФХДЁнинг Сариосиё туман бўлими орқали расмийлаштирилган. Расмийлаштириш жараёнида бобосининг хатоси туфайли туғилган йилига «1976» йил ёзиб қўйилган. Бунда бобосининг қарилиги панд берган. Ёшига оид ноаниқлик кўплаб масалаларни ҳал этишда ноқулайликларни келтириб чиқарган. Шундан сўнг, М.Юлдашева туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага тузатиш киритиш ва туғилган вақтини ўзгартириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2010 йил 16 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилган ва Сариосиё туман ФХДЁ бўлимига М.Юлдашевага 1999 йил 11 март куни берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага ўзгартириш киритиш ва туғилган вақтини «1985 йил 20 май» деб ёзиш мажбурияти юкланган (суднинг бундай мазмунда қарор қабул қилишига туман тиббиёт бирлашмасининг М.Арипова 1985 йилда 20 май куни туғилганлиги тўғрисидаги №01-13/678 сонли маълумотномаси, Сариосиё туман ҚФЙнинг қишлоқ хўжалик дафтаридан берилган 426-сонли кўчирма, ушбу ҳужжатнинг 9-сонли хўжалик дафтарининг 472-бетида рўйхатга олинган, туман кўптармоқли марказий поликлиникасининг №1383 сонли маълумотномаси ҳамда мактаб томонидан берилган № 191376 серияли шаҳодатномалар асос қилиб олинган)

Шундан сўнг, суднинг мазкур қарорига асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, М.Юлдашевага дастлаб эски шаклдаги фуқаролик паспорт берилган ва кейинчалик унга 2014 йил 6 ноябр куни Сариосиё туман ИИБ томонидан  АА 7526605 серия ва рақамли биометрик фуқаролик паспорти тақдим этилган. Ушбу фуқаролик паспортида ҳам фуқаронинг туғилган вақти 1985 йил 20 май қилиб кўрсатилган.

«Паспортимни олиб қўйишди!»

Муаллиф ўз мактубида баён қилишича, ҳеч бир сабабсиз ва биров шикоят қилмай туриб, унинг паспорти олиб қўйилмоқда.

Маълум бўлишича, М.Юлдашеванинг 2018 йил апрел ойида олиб қўйилган фуқаролик паспорти орадан етти ойдан ошиқроқ вақт ўтган бўлишига қарамай эгасига қайтариб берилмаган ёки унинг ноқонуний эканлиги тўғрисида қарор қабул қилинмаган.

«Мени паспортимни сохталаштирганликда айблашмоқчи, қизиғи, қайта-қайта текширилиб ҳам ҳанузгача прокуратура ёки ички ишлар органлари томонидан якуний қарор қабул қилинмаяпти, на паспорт қайтарилди ва на чора кўрилди», - дейди М.Юлдашева.

Фуқаро М.Юлдашева бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратурасига бир неча марта шикоят қилганлиги, бироқ натижа бўлмаганлигини таъкидлайди.

19.06.2018 куни Сурхондарё вилояти ИИБ, 22.06.18 куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ишонч рақамларига шикоят қилганимдан сўнг, махсус инспекция ходими ўзи паспорт соҳаси бўйича мутахассис бўлмай туриб, менинг устимдан асоссиз тўплаган ҳужжатларини хулоса қилиб, Сурхондарё вилоят прокуратурасига топширган. Вилоят прокуратураси ушбу материалларни қонуний тўхтамга келиш учун (12.07.2018 куни) Сариосиё туман прокуратурасига юборгач, прокуратура ходимлари 30 йил аввалги англашилмовчиликни кўтариб, менга сарсон қилиб келишяпти, - дейди фуқаро ўз мактубида.

Маълум бўлишича, М.Юлдашевага фуқаролик паспортини расмийлаштирилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан  Сариосиё туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилиб, 2018 йил 10 август куни  Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Аммо, мазкур қарор туман прокурори томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган ва қўшимча ўрганиш учун терговчига қайтарилган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Сариосиё тумани прокурорининг фикрлари билан қизиқдик:

«Ҳа, ростдан ҳам паспортини олиб қўйдик. Сохта паспорт эди. Фуқаро 1985 йилда туғилмаган. Агар шундай бўлса, вояга етмай ишга жойлашган бўлиб қолади. Айни дамда текширув ишлари давом этмоқда. Фуқаронинг паспортини бекор қилиш учун барча далиллар тўпланиб юқори ташкилотга юборилган», - деб тушунтириш берди прокурор.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 329-моддаси биринчи қисмига кўра жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол, жиноят ишини кўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини текшириш зарурати бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар олинган пайтдан бошлаб ҳамда то ишни кўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарилгунига қадар ёхуд терговга қадар текширув материаллари прокурорга юборилгунига қадар бўлган вақтни ўз ичига олади.

Бироқ, М.Юлдашеванинг паспорти билан боғлиқ масала мана етти ойдирки ўз ечимини топгани йўқ.

Ҳикоям қаҳрамонининг бир нафар ногиронлиги бўлган фарзанди бор. У мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши ва қатор муолажаларни олиши лозим. Бироқ онанинг паспорти йўқлиги сабаб фарзанд ўз вақтида тегишли тиббий кўрикдан ўтишда ва муолажаларни олишда ҳамон муаммоларга учрамоқда.

Масаланинг яна бир ачинарли томони шундаки, фуқаро муаммоси юзасидан қайта-қайта вилоят прокуратурасига шикоят қилса ҳамки, бунга шу пайтгача ҳудуднинг ўзида ечим топилмаган. Натижада хатлар Ўзбекистон Републикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Республика Бош прокуратураси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ички ишлар вазирлигига қайта-қайта келиб тушаверган. Деярли барча мурожаатлар кўриб чиқиш учун вилоят прокуратураси орқали туман прокуратурасига йўналтирилаверган.  Муаммо эса ечимсиз қолаверган.

  • Ҳақиқатни етти ойдан бери тополмай идорама-идора сарсон-саргардон бўлдим, моддий аҳволим танг бўлиб қолди.  Асабларим ишдан чиқиб, саломатлигим йўқолди. Энг алам қиладигани, ногирон фарзандимни даволатишга қўлимда паспортим йўқ, - деб ёзади муаллиф мактубида.

Президент ҳар бир ташкилотда адолат бўлишини ва давлат ташкилотлари халққа хизмат қилишини истайди. Давлатда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот марказида инсон омили туриши керак. Ҳар биримиз инсонларнинг дард-у ташвишлари билан ёниб яшашимиз кераклиги такрор ва такрор таъкидланмоқда. Билмаганларини ўргатишимиз, тушунтиришимиз лозим. Қонун ҳимоячиси бўлсак энг аввало қонунларга ўзимиз бўйсунишимиз керак.

Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан масалага ҳуқуқий баҳо беришлари ва муаммо адолатли ҳал этилишида ташаббус кўрсатишларига умид қилиб қоламиз.

Зафарбек Солижонов махсус мухбир,
Шерзод Эгамбердиев оператор

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид