Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хоразм вилоятидаги ҳар бир туманда пиллачилик корхоналари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида Хива туманидаги «Khiva Silk Fabric» корхонасини бориб кўрди.
Бўш турган бинони модернизациялаш орқали амалга оширилган лойиҳанинг биринчи босқичи жорий йил август ойидан ишга туширилган. Хитойдан ихтисослашган ускуналар олиб келиб ўрнатилган.
Кластер усулига асосланган корхона йилига 140 тоннадан зиёд қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда 110 киши, асосан аёллар иш билан таъминланган. Вилоят миқёсида олганда эса, бугунги кунда пиллачилик тармоғида мингта доимий, 30 мингта мавсумий иш ўрни яратилган.
Давлат раҳбари корхона фаолияти билан танишди, ишчилар билан суҳбатлашиб, пиллачиликда одамларни, айниқса, аёлларни иш билан таъминлаш бўйича катта имкониятлар борлиги, хориждан катта баргли тут навларини олиб келиб, шундай корхоналарни ҳар бир туманда ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган.
«Келгуси йилдан корхонада ипак толасидан мато ва тайёр кийим-кечак тайёрлаш, ғумбакдан лаборатория усулида ёғ олиш йўлга қўйилади. Ипакни олгандан кейин пилла ичида қоладиган ғумбакка шу кунгача бизда чиқинди сифатида қаралган. Оқсилга жуда бой ғумбакдан косметологияда ишлатиладиган қимматбаҳо ёғ олинади. Хитойда бу ёғнинг 1 литри 40-50 доллар атрофида сотилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Корхонада хитин ва хитозан моддаси, биологик фаол қўшимчалар, ғумбак консерваси, тут баргидан чой ва ширинликлар ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирданоқ қиймати 1,1 миллион долларга тенг экспорт шартномалари имзоланган. Хусусан, Хитой ва Покистонга ипак маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган.
Шу ерда Хоразмда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, қовун етиштиришни кўпайтириш ва экспорт қилиш, асосий ва такрорий экинда шоли етиштиришга оид истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Президент лойиҳаларни сифатли бажариш, аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, иш ўринлари ва даромад манбаларини кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди. Тошсоқа магистрал суғориш каналларини қайта қуриш бўйича бажарилган ишлар билан танишар экан, қурилиш ишларини изчил давом эттириш, сувни тежашга қаратилган бундай лойиҳаларни бошқа вилоятларда ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.


Мавзуга оид
11:40 / 08.06.2026
Тошкент ва Хоразмда йирик гиёҳвандлик савдосига чек қўйилди
09:23 / 28.04.2026
«Урганч-1» сув кўтарувчи насос станцияси янгиланади – Саида Мирзиёева
21:46 / 27.04.2026
Саида Мирзиёева Хоразмда президент қарорлари ижросини ўрганди
10:15 / 17.04.2026