15:36 / 29.11.2018
10425

Хоразмда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” иш бошлади

29 ноябр куни Урганч шаҳрида  “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” иш бошлади. Бу ҳақда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” ташкил қилинганди.

Бундан мақсад мамлакатимизда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёш келин-куёвларнинг ҳаётий тажрибалари, оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, оила иқтисодиёти ва бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик бўйича билим ва кўникмалар беришдан иборатдир.

Шундан сўнг, 14 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида, 29 ноябрь куни эса Хоразм вилоятида ҳам ташкил мактаб фаолияти йўлга қўйилди.

Маълум қилинишича, мактабда мавжуд ўқув дастурларидаги маълумотлар илмий-услубий жиҳатдан, яъни миллий қадриятлар асосларининг замоннинг фан ва жамият тараққиёти тенденциялари билан, психология ва бошқа ижтимоий-ҳуқуқий соҳалардаги янгиликлари – инновациялари билан уйғун ҳолда ўқитилади.

“Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаб”нинг ўқув- дастури замонавий технологияларни қўллаган ҳолда масофадан ўқитиш ва маслаҳат бериш шакллари яъни, вебинар (интернет орқали семинар ва тренинг)лар, масофадан, конфеденциалликни таъминлаган ҳолда, мутахассисларининг онлайн консультациялари (психолог, ҳуқуқшунос ва бошқалар), ижтимоий тармоқларда инновацион мактаб саҳифасини очиш ва бўлғуси келин-куёвларга доимий рукнлар юритиш, ёшларнинг саволларига жавоб бериб бориш, мультимедиа воситалари билан махсус жиҳозланган машғулот хоналари бўлғуси келин-куёвларга видеороликлар орқали кейсларни намойиш қилиш ва уларнинг таҳлили асосида таълим бериш йўли билан олиб борилади.

Top