Ўзбекистон | 21:00 / 29.11.2018
21952
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов жамоага таништирилди. У янги иш жойини сўз эркинлигини кафолатловчи ташкилотга айлантирмоқчи

Фото: Комил Алламжонов / Facebook

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Комил Исмоилович Алламжонов 29 ноябрь куни бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан жамоага таништирилди.

ЎзМААнинг янги раҳбари илк иш куни ҳақида фейсбукдаги расмий саҳифасида хабар қолдирган.

«Янги жамоа билан илк учрашув. Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Анварович Қўчқоров таништирди.

Ҳаяжонли ва масъулиятли лаҳзалар. Оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти, уларнинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги роли ва ҳиссаси беқиёс.

Мамлакатимиз раҳбари юртимизда сўз эркинлигига катта эътибор қаратмоқда ва бу борада ўз ҳиссамни қўшиш мен учун шараф ва масъулиятли вазифадир.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги раҳбарлигини менга ишониб топширишар экан, мен ушбу муассаса журналистлар фаолиятининг эркинлигини кафолатловчи ҳамда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилот сифатида шаклланишига бор кучимни сафарбар этишга ҳаракат қиламан.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини ҳаётга кенг татбиқ этиши лозим:

«...олдимизда оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг мураккаб ва масъулиятли фаолиятларини муносиб баҳолаш, соҳани янада ривожлантиришга эътибор қаратиш каби муҳим вазифалар белгиланган»

«Биз нашриёт, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда ошкоралик, объектив таҳлил ва танқидий муҳитни, шунингдек, журналистларимизнинг хориж манбаларидан кенг фойдаланиш имкониятларини оширишни қўллаб-қувватлаймиз».

«ОАВ фақатгина тилда эмас, ҳақиқатда ҳам тўртинчи ҳокимиятга айланиши лозим».

Фото: Комил Алламжонов / Facebook

Мавзуга оид