Спорт | 09:40 / 29.11.2018
7525
2 дақиқада ўқилади

Рекорд навбати энди Мессига: у иккита тўпурарлик кўрсаткичи бўйича ЕЧЛда Роналдудан ўзиб кетди

Фото: Getty Images

Чемпионлар лигаси 5-тури якунида мусобақанинг гуруҳ босқичи тўпурари номи ўзгарди.

Бу турда «Барселона» Эйнҳовенда ПСВ меҳмони бўлиб, 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан ортга қайтди. Ўйиннинг 61-дақиқасида Лионель Месси ҳисобни очди ва ЕЧЛ гуруҳ босқичларидаги 66-ўйинида 66-голини урди.

Шу тариқа, Месси «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдудан ўзиб кетиб, нуфузли турнир гуруҳ босқичлари тарихида якка тўпурар бўлиб олди.

Шу билан бирга, Месси бир клуб сафида ЕЧЛда урилган голлар сони бўйича ҳам Роналдуни ортда қолдирди:

Мессининг «Барселона» сафида ЕЧЛдаги натижалари: 128 ўйин, 106 гол ва 4та бош соврин.
Роналдунинг «Реал» сафида ЕЧЛдаги натижалари: 101 ўйин, 105 гол ва 4та бош соврин.

ЕЧЛ финал босқичи тўпурарлари рўйхатини эса узоқ вақтдан буён Роналду бошқариб келаётганини қўшимча қилиш керак. Унинг ҳисобида 121та, Мессида эса юқори таъкидланган 106та гол бор. Кейинги ўринларни Рауль (71), Карим Бензема (59) ва Рууд ван Нистерлой (56) банд этган.

Эслатиб ўтамиз, Лео бу мавсум 6та гол билан ЕЧЛ тўпурари бўлиб турибди. У 5-турнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун номзодлар рўйхатига киритилган, бундан аввал икки марта шундай эътироф соҳиби бўлган.

Ва яна эслатиб ўтамиз, шу тур доирасида кеча Криштиану ҳам ЕЧЛ рекордини ўрнатган, у мусобақада 100та ғалабали ўйин ўтказган илк футболчи сифатида тарихга кирган эди. 7-рақам эгаси бу мавсум Чемпионлар лигасида 1+1 маҳсулдорлик натижасини қайд этган бўлиб, бу билан статистик жиҳатдан энг самарасиз ўйинчилар рўйхатида учинчи ўринда бормоқда.

Мавзуга оид