Жаҳон | 20:38 / 30.11.2018
9283
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркияга вертолёт двигателларини ўз вақтида етказиб беришдан бош тортди

Фото: twitter

Туркия томонидан Покистонга T129 Atak ҳарбий вертолётларининг етказилиб берилиши АҚШ сабабли кечикмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг мудофаа саноати котибияти вакили Карачидаги қурол-аслаҳалар кўргазмасида маълум қилди.

Туркия вакилининг айтишича, шартнома бажарилиши камида ярим йил ортга сурилади. “Бу АҚШнинг Atak вертолётлари учун CTS800 туридаги двигателларни ўз вақтида етказиб беришдан бош тортиши билан боғланган”, деб айтган манба.

Таъкидланишича, вертолётларни ушбу двигателлар билан жиҳозлаш режалаштирилганди.

Унинг айтишича, шу сабабли вертолётларни ишлаб чиқарувчи Turkish Aerospace Industries (TAI) бошқа двигателларни қўллаш вариантини ўрганмоқда. “Эҳтимол, Atak Ғарбий Европада ишлаб чиқарилган двигателлар билан жиҳозланиши мумкин. Шунингдек, Хитойда ишлаб чиқарилган двигателлар қўлланиши масала кўриб чиқилмоқда”, деб қўшимча қилган манба.

30 та T129 Atak вертолётини етказиб бериш бўйича шартнома 2017 йилда тузилган. Таъкидланишича, гап шартноманинг бекор қилиниши ҳақида бормаяпти.

Августдаёқ Defence News портали авиация соҳасидаги туркиялик амалдорга иқтибос келтирган ҳолда вертолётларни Покистонга етказиб бериш муддатлари Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашгани сабабли чўзилиши мумкинлигини маълум қилганди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар америкалик пасторнинг Туркияда ҳибсда ушлаб турилиши, Вашингтон томонидан суриялик курдларнинг қўллаб-қувватланиши, Эрон билан муносабатлар ва Анқара томонидан Россиянинг С-400 мажмуалари сотиб олиниши сабабли ёмонлашганди.

С-400 мажмуаларининг сотиб олиниши АҚШнинг норозилигини келтириб чиқарган. Вашингтон шу сабабли Анқарага санкциялар киритиш билан таҳдид қилмоқда.

Мавзуга оид