Спорт | 22:06 / 30.11.2018
15192
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ 2020 йилги Олимпиадада бокс мусобақаси ўтказилишини музлатиб қўйди 

Фото: wikipedia

Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси Токиода 2020 йилда ўтувчи ёзги Олимпиадада бокс мусобақасини ўтказиш бўйича режаларни музлатиб қўйди. 

Бу қарор Халқаро ҳаваскорлик бокси уюшмасига (AIBA) нисбатан олиб борилаётган тергов ва унинг амалдаги раҳбариятидан норозилик билан боғланган.

ХОҚ AIBA раҳбари лавозимига АҚШ молия вазирлиги санкциялари остига тушган Ғофур Раҳимовнинг сайланганидан норози бўлмоқда. 

Шунингдек, уюшмага нисбатан унинг молиявий ва аксилдопинг фаолияти бўйича тергов бошланган. 

ХОҚ қарор доирасида AIBA’ни молиялаштириш, чипталар сотиш, квалификация ва саралаш тизимини тасдиқлаш ва татбиқ қилишни тўхтатиб қўйган. Шу билан бирга ХОҚ спортчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва мусобақанинг ўтказилиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берган.

Бундан ташқари, ХОҚ ҳузурида уюшманинг ҳисоботини батафсил ўрганиб чиқувчи ва эҳтимолий санкциялар бўйича тавсиялар рўйхатини тузувчи махсус қўмита ташкил этилди.

2020 йилги Олимпиадада бокс мусобақаси ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги бўйича якуний қарор ХОҚнинг 2019 йилда Лозаннада ўтадиган кейинги сессиясида қабул қилинади.

Мавзуга оид