Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХОҚ россиялик спортчилардан барча чекловларни олиб ташлашни тавсия қилди
ХОҚ томонидан чекловларни бекор қилиш бўйича берилган тавсия мусобақаларга автоматик равишда рухсат берилишини англатмайди. Ҳар бир спорт тури бўйича якуний қарорларни тегишли халқаро федерация мустақил равишда қабул қилади.
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) россиялик спортчиларга қўйилган барча чекловларни олиб ташлашни тавсия қилди, шунингдек, Россия Олимпия қўмитаси (РОҚ) ҳуқуқларини вақтинча тиклади, дейилади ташкилот сайтида.
Россия Олимпия қўмитасига нисбатан чекловлар 2023 йил октябрь ойидан бери амал қилган. Улар РОҚ ўз таркибига Украинанинг ўзини ўзи эълон қилган ДХР ва ЛХР, шунингдек, аннексия қилинган Запорожие ва Херсон вилоятларининг олимпия кенгашларини киритгани муносабати билан жорий этилган эди.
ХОҚ ҳуқуқий масалалар бўйича комиссияси томонидан ўтказилган «пухта таҳлилдан сўнг» РОҚ бўйича қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, Украина Миллий олимпия қўмитаси (УМОҚ) юрисдикцияси остидаги ҳудудларда жойлашган спорт ташкилотлари энди унинг таркибига кирмаслиги ҳисобга олинди.
РОҚ аннексия қилинган ҳудудларда ишламаётганини ва ишламаслигини тасдиқлади. Апрель ойида спорт вазири Михаил Дегтярев номи кўрсатилмаган минтақавий спорт ташкилотлари РОҚ таркибидан чиқарилганини маълум қилган эди.
РОҚ бўйича чекловлар қанча муддатга олиб ташланганига аниқлик киритилмаган. ХОҚ Ижро қўмитаси вазиятни диққат билан кузатиб боришга ваъда берди.
Бундан ташқари, ХОҚ томонидан россиялик спортчиларни фақат нейтрал мақомда қабул қилиш ва уларга нисбатан «ҳимоя чоралари» бўйича берилган барча тавсиялар бекор қилинди. Ташкилотнинг таъкидлашича, халқаро мусобақаларга қайтаётган барча россиялик спортчилар амалдаги антидопинг талабларига жавоб бериши керак.
Ташкилот Олимпия ўйинларида Россия байроғи, мадҳияси, миллий ранглари ва бошқа рамзлардан фойдаланиш бўйича ҳали қарор қабул қилмаганини таъкидлади. Шу билан бирга, ХОҚ ўз тадбирларини Россияда ўтказмаслигини ва россиялик амалдорларни ўз ҳомийлигидаги тадбирларга таклиф этмаслигини қўшимча қилди.
Тегишли қарорлар бир кун аввал 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари саралашининг бошланиши, шунингдек, «барча спортчилар учун мусобақаларга тенг киришни таъминлаш зарурати» муносабати билан қабул қилинди.
Россия ва Беларус спортчилари Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб киришидан сўнг халқаро мусобақалардан четлатилган эди. Кейинчалик бу мамлакат спортчилари нейтрал мақомда мусобақаларда иштирок эта бошлади.
ХОҚ 2026 йил май ойида Беларусни жаҳон спортига қайтаришни тавсия қилган эди.
ХОҚ томонидан чекловларни бекор қилиш бўйича берилган тавсия мусобақаларга автоматик равишда рухсат берилишини англатмайди. Ҳар бир спорт тури бўйича якуний қарорларни тегишли халқаро федерация мустақил равишда қабул қилади.