Фото: Ангела Меркель G20 саммитига оддий самолётда учиб келди
Германия канцлери Ангела Меркель Iberia авиакомпаниясининг оддий йўловчи самолётида Аргентинадаги G20 давлатлари етакчилари саммитига учиб келди. У бундай қарорни Konrad Adenauer ҳукумат лайнери Кёльнга техник носозлик туфайли фавқулодда қўнганидан кейин қабул қилди.
Германия ҳукумати раҳбари Мадридга йўл олди, у ердан Буэнос-Айресга парвоз қилди. Меркель билан биргаликда молия вазири Олаф Шольц ҳам Аргентинага учиб кетди. Ҳукумат аъзоларининг бортда пайдо бўлиши эътиборсиз қолмади. Фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда тегишли фотосуратларни жойлаштиришди, уларда канцлер ўриндиқда планшет ва телефон билан ўтирганини кўриш мумкин.
Меркель ҳукумат лайнерида носозлик юзага келгани туфайли саммит очилиши ва бир қатор икки томонлама учрашувларни ўтказиб юборди, бироқ у Аргентинага муваффақиятли етиб борди ҳамда мамлакатлар етакчиларининг жамоавий суратига улгурди. Суратда у Владимир Путиннинг ёнида турибди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Меркель G20’да Трамп ва Си Цзиньпин билан учрашувларни бекор қилгани хабар берилганди.