Ўзбекистон | 11:07 / 01.12.2018
13764
5 дақиқада ўқилади

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий вазифалари белгиланмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “ Жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор, кафедра мудирлари) фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Жисмоний тарбия ўқитувчилари (инструктор, кафедра мудирлари) фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомга кўра, педагог кадрларнинг малака тавсифларига мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ҳамда тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган ходимларнинг асосий лавозимлари малака тавсифларидаги талаблар асосида ўрганилади.

Қуйидагилар педагог кадрларни фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқув фани бўйича малакаси, дарс ўтиш маҳорати, меҳнати самарадорлиги ва малака ошириш курсларида билимларини оширган педагог кадрларни рағбатлантириш;

жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этган ҳиссаси учун иш ҳақи миқдорини ошириш имкониятларини яратиш;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши, чет тилларини билиши бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишни таъминлаш.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий принциплари даврийлик, ошкоралик, кенгашиб иш кўриш ҳамда холислик ҳисобланади.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мактабгача, умумий ўрта таълим, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари педагог кадрлари учун ҳар ўқув йили якуни май-июнь ойлари бир марта ўтказилади.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашдан мактабгача, умумий ўрта таълим, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари педагог кадрлари ўтказилиши шарт.

Ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар бир йилдан сўнг, олий таълим муассасалари ёки касб-ҳунар коллежларини битириб биринчи бор ишга кирганлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашга жалб этилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ҳолда узоқ муддат (уч ойдан ортиқ) даволанаётган, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парваришлаш таътилидаги педагог кадрлар иш фаолиятига қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг фаолият самарадорлигини баҳолашга жалб этилади.

Давлат мактабгача, умумий ўрта, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари раҳбарлари педагог кадрларни фаолияти самарадорлигини баҳолаш муддатини бир ой олдин эълон қилади ва уларни фаолияти самарадорлигини баҳолашдан ўтказиш тартиби билан таништиради.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашга доир ташкилий масалалар таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органлари ва таълим муассасалари раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни ўтказишда ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Мувофиқлаштириш ишлари, фаолият самарадорлигини баҳолаш жадвалларини ишлаб чиқиш ва жараёнга оид фаолиятни ташкил этиш бўйича қўшма қарорлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этишдан, узлуксиз таълим тизими педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни ўтказишдан ҳамда уларнинг натижаларини эълон қилишдан иборат.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашни назорат қилиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш, баҳолаш ҳамда мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорларга оид маълумотномаларни тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга юбориш орқали амалга оширилади.

Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш икки босқичда ўтказилади:

а) биринчи босқичда - педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолашдан ўтувчиларнинг дарс ўтиш маҳорати ва меҳнати самарадорлиги эксперт гуруҳи томонидан ўрганилади ҳамда тегишли тавсиялар тайёрланади;

б) иккинчи босқичда - комиссиялар томонидан педагог кадрнинг ва тарбияланувчи (таълим олувчи)ларнинг эришган ютуқлари, ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда хорижий тиллар ва ижтимоий-сиёсий билимларини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади, берилган саволлар ва жавоблар махсус (саҳифаланган, тикилган ва муҳрланган) дафтарда қайд этилади.

23. Педагог кадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш таълим муассасаси экспертлар гуруҳи томонидан тегишли мезонлар бўйича 100 баллик тизимда бутун сонлар билан баҳоланади.

Педагог кадрларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш қуйидаги баллар йиғиндиси асосида белгиланади:

фаолият самарадорлиги қониқарсиз  – 56 баллдан паст бўлса;
фаолияти самарадорлиги қониқарли – 56 баллдан 75 баллгача;
фаолияти самарадорлиги ўрта            – 76 баллдан 85 баллгача;
фаолияти самарадорлиги юқори        – 86 баллдан 100 баллгача.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид