“Союз-ФГ” ракетаси октябрдаги фалокатдан кейин илк бор ХКСга учирилди
11 октябрда “Союз-ФГ” ракетаси билан юз берган фалокатдан кейин янги экспедиция экипажи Халқаро коинот станцияси томон “Союз МС-11” кемасида жўнади. Кема “Союз-ФГ” ракетасида Бойқўнғир космодромидан учирилган. “Союз”нинг ХКС билан туташиши 3 декабрь Тошкент вақти билан соат 22:35да юз бериши керак.
ХКСга “Роскосмос” фазогири Олег Кононенко, НАСА ва Канада космик агентлиги астронавтлари Энн Макклейн ва Давид Сен-Жак йўл олди. Улар ичидан энг тажрибалиси ҳисобланган Кононенко ХКСга 4 марта йўл олмоқда, бу парвоз Макклейн ва Сен-Жак учун эса биринчиси ҳисобланади. Фазогирлар ХКСда 194 кун қолишлари режалаштирилган.
Ракетанинг учирилиши ортидан “Роскосмос” раҳбари Дмитрий Рогозин, НАСА вакили Уильям Герстенмайер ва Канада генерал-губернатори, собиқ астронавт Жюли Пейетт кузатишган. ХКСнинг янги таркиби станцияда бўлганда кўплаб ишлар ва 48 та илмий тажрибани амалга оширади.
Станцияда янги экипажни россиялик фазогир Сергей Прокопьев, немис астронавти Александер Герст ва америкалик аёл астронавт Серина Ауньён кутмоқдалар.
Дастлаб ушбу экспедиция парвози 20 декабрларга белгиланганди, бироқ 11 октябрдаги фалокатдан кейин уни олдинроқ – 3 декабрда ўтказишга қарор қилинди, чунки ўша экспедиция ХКСга етиб бормаган. “Союз-ФГ” ракетаси “Союз МС-10” кемаси билан 11 октябрда старт олгандан кўп ўтмай фалокатга учраган. Унда россиялик ва америкалик фазогирлар Алексей Овчинин ва Ник Хейг бўлган. Улар фалокат сабабли станцияга етиб боришмаган ва стартдан 20 дақиқа ўтиб ерга қўнишган.
Мавзуга оид
17:29 / 15.10.2024
ХКС учун ўринбосар: АҚШ компанияси янги космик станция лойиҳасини тақдим этди
16:15 / 12.09.2024
«Союз МС-26» кемасининг Россия ва АҚШдан бўлган экипажи ХКСга етиб борди
14:22 / 28.06.2024
SpaceX ХКСни орбитадан олиб чиқиш учун аппарат қуради
08:40 / 07.06.2024