Жамият | 16:25 / 05.12.2018
6480
2 дақиқада ўқилади

Дастурлаш бўйича чемпионат ғолиби 10 млн сўмга эга бўлди

Тошкентда дастурлаш бўйича Wincode чемпионатининг финал босқичи ўз якунига етди. Чемпионат «Жамоавий веб-дастурлаш» ва «Бизнесга йўналтирилган масалаларни ечишда 1С фреймворкидан фойдаланиш» йўналишлари бўйича саралаш ва финал босқичларида ўтказилди. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 52 миллион сўмга тенг.

Саралаш баҳсларида «Жамоавий веб-дастурлаш» йўналишида Ўзбекистонга бағишланган сайт-визитка яратиш вазифаси берилди. Топшириқ шартларига кўра, сайт Mobile First тамойиллари асосида ва энг илғор SEO-усулларини қўллаган ҳолда тайёрланган бўлиши, Ўзбекистонга ташриф буюриш ва саёҳат қилиш истагини уйғота олиши керак эди. 

«Бизнесга йўналтирилган масалаларни ечишда 1С фреймворкидан фойдаланиш» йўналишида турлар бўйича аризаларни бошқариш тизимини яратиш топшириғи бажарилди. 

Саралаш босқичида берилган топшириқни бажариш учун 37 та ариза келиб тушган бўлса, улардан 12 таси финал босқичига йўл олди.

Venkon Group томонидан ташкил этилган Хакатон шаклида ўтган финал босқичида иштирокчиларга компьютерни ўқитиш, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш учун сунъий ақл технологияларидан фойдаланиш таклиф этилди.

Мусобақа якунида Telegram мессенжерида хабарнинг “кайфиятини” аниқлайдиган ва таҳлил қиладиган, шунингдек, йирик гуруҳлар ва каналлар бошқаруви учун жуда қулай бўлган чат-бот яратган “TATUNF” Нукус филиали ғолиб деб топилди.

Мавзуга оид