Ўзбекистон | 20:20 / 05.12.2018
8046
3 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластери ташкил этилади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди.

Агросаноат кластерида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, халқаро молия институтларининг маблағлари, хорижий банкларнинг кредит линиялари ва тижорат банкларининг кредитларини жалб этиш ҳисобига пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни чуқур қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришлар, шунингдек, чорвачилик ҳамда балиқчилик комплекслари ташкил этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Tashkent Cotton Textile cluster" корхонаси ("ТСТ cluster" МЧж) ташкил этилади.  "ТСТ cluster" МЧЖнинг дастлабки устав капитали "Paraglide limited" (Буюк Британия), "Петромаруз Капитал" ("Pm kapital" - Россия Федерацияси) компанияларининг бадаллари ҳисобига шакллантирилади.

"ТСТ cluster" МЧЖ таркибига кирадиган агросаноат корхоналарига пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа маҳсулотларни, шунингдек, чорвачилик ҳамда балиқчилик маҳсулотлари етиштиришни ташкил қилиш учун Қуйи Чирчиқ туманида доимий эгалик қилиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқи билан З5,4 минг гектар суғориладиган ер ва 3,1 минг гектар балиқчилик кўллари ажратилади.

Шунингдек, кенг турдаги балиқ маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, экспорт қилиш бўйича замонавий комплекс ташкил қилиш учун собик "Балиқчи" АЖ мулкий комплекси янги иш ўринлари ташкил этиш ва 8,2 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш шарти билан "ТСТ cluster" МЧЖга "ноль" қийматида сотилади.

Ҳужжатда 2018 йил 10 декабргача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Қуйи Чирчиқ туманида умумий майдони 33,6 минг гектар бўлган ер участкалари ажратилиши таъминланиши белгиланди.

Бундан ташқари, икки ой муддатда тумандаги қолган 4,9 минг гектар суғориладиган ерлар улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш юзасидан хатловдан ўтказилади ҳамда нооқилона фойдаланиш ва (ёки) истиқболли ривожланиш режалари мавжуд бўлмаган ҳолатлар аниқланганда "ТСТ cluster" МЧЖга берилади.

Ҳужжатга кўра, қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари бажарилмаганда, ушбу қарорга асосан берилган ер участкаларидан фойдаланилмаган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаганда, улардан нооқилона ёхуд тупроқ унумдорлигининг пасайишига олиб келадиган, кимёвий ва радиоактив ифлослантирадиган ҳамда экологик вазиятни ёмонлаштирадиган усулларда фойдаланилганда ушбу ерларга доимий эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тўхтатилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид